Соҳил волейболи: Бугун “CAVA Beach Volleyball Championship 2026” совриндорлари аниқланади
Бугун, 27 июль куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида соҳил волейболи бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида ўтказилаётган “CAVA Beach Volleyball Championship 2026” мусобақасининг финал ва 3-ўрин учун баҳслари бўлиб ўтади.
Аёллар жамоалари ўртасидаги финал учрашувида Ўзбекистон – Қирғизистон жамоалари баҳс олиб борса, 3-ўрин учун ўтадиган ўйинда Ўзбекистон-2 ҳамда Ўзбекистон-3 волейболчи қизлари юзма-юз келади.

Чемпионатнинг эркаклар жамоалари ўртасида ўтадиган финал баҳсида Эрон-Қозоғистон жамоалари тўқнаш келса, 3-ўрин учун кечадиган баҳсда Қозоғистон-2 ҳамда Эрон-2 жамоалари куч синашади.
Мусобақалар доирасида Марказий Осиё волейбол ассоциацияси (CAVA) ҳамда Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамкорлигида икки кунлик халқаро ҳакамлик ўқув-семинари ташкил этилди.

Ҳам амалий, ҳам назарий машғулотларни қамраб олган семинарда ҳакамлар соҳил волейболининг халқаро қоидалари, ҳакамлик амалиёти, ўйин жараёнида юз бериши мумкин бўлган баҳсли вазиятлар ҳамда уларни халқаро стандартлар асосида ҳал этиш жараёнлари таҳлил этилмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА