Хабарингиз бор, эртага 13 апрель куни VII Тошкент халқаро марафонига мезбонлик қилади. Унда жами 9000 нафардан ортиқ, шу жумладан, 51 та давлатдан 1246 нафар хорижий спортчилар профессионал спортчилар ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Асосий югуриш мусобақаси арафасида, бугун, 12 апрель куни “Magic city” боғида анъанавий “Kids Run”, 3 км. масофага югуриш мусобақаси, шунингдек, шимолий юриш бўйича мусобақалар старт олди.

Ёш югурувчилар учун мўлжалланган “Kids Run” болалар югуриш мусобақаларида 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалар 1 км. масофага, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар эса 3 км. масофага баҳс олиб борадилар.

Ушбу тадбирлар, Ўзбекистон спорт, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Рақамли технологиялар, ИИВ, ФВВ вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Марказий Осиё енгил атлетика уюшмаси, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилмоқда.

Дарвоқе, бугун “Янги Ўзбекистон” боғида ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив югуриш мусобақаси соат 17:00 да старт олади.

Мазкур мусобақалар натижаси билан сайтимиз орқали танишасиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА