Эртага VIII Тошкент халқаро марафони старт олади
Пойтахтимизда 4-5 апрель кунлари Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан анъанавий VIII Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтади. Саккизинчи бор ташкил этилаётган мазкур нуфузли спорт тадбири бугунги кунда мамлакатимиздаги энг йирик оммавий мусобақалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, жорий йилги марафонда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 15 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Марафон халқаро енгил атлетика бошқарув органи — World Athletics томонидан бериладиган “World Athletics Label” мақомига эга. Ушбу мақом мусобақада қайд этилган натижалар расман тан олинишини таъминлайди ҳамда спортчилар учун рейтинг ва саралаш жараёнларида муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда ProRun компанияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Марафон дастуридан 42 километрлик классик марафон, 21 километрлик ярим марафон, 10 ва 5 километрлик оммавий югуриш йўналишлари ўрин олган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида алоҳида мусобақалар ташкил этилиши режалаштирилган. Унда профессионал спортчилар билан бир қаторда ҳаваскор югуриш ишқибозлари ҳам иштирок этиши мумкин.
Мусобақанинг очилиш маросими 4 апрель куни соат 19:00 да пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуасида бўлиб ўтади. 5 апрель куни эрталаб соат 06:00 да 42 километрлик масофага старт берилади. Кейинчалик 21, 10 ва 5 километрлик йўналишлар бўйича беллашувлар ўтказилади. Ғолиб ва совриндорлар тақдирлангач, марафоннинг ёпилиш маросими ташкил этилади.
Старт ва финиш нуқталари “Ҳумо Арена” майдонида жойлашган бўлиб, иштирокчилар Афросиёб, Ислом Каримов, Шароф Рашидов, Шаҳрисабз, Ойбек, Нукус, Абдулла Қодирий ва Бешёғоч кўчалари бўйлаб белгиланган масофани босиб ўтади.
Мукофот жамғармаси ҳам салмоқли бўлиб, 42 километр масофа ғолиблари учун 48 миллион, иккинчи ўрин соҳиблари 36 миллион ва 3-ўрин учун 24 миллион сўм пул мукофоти белгиланган. Шунингдек, ярим марафон, 10 ва 5 километрлик йўналишлар ғолиб ва совриндорлари ҳам турли пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
VIII Тошкент халқаро марафони соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оммавий спорт ҳаракатини кенгайтириш ва мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА