Тошкентда даун синдромли болалар ўртасида халқаро енгил атлетика мусобақаси ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Енгил атлетика федерацияси спорт мажмуасида илк бор даун синдромли болалар ўртасида енгил атлетика бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди.
Чемпионатда жами 130 нафар махсус спортчи иштирок этди. Улардан 20 нафари Қозоғистон, 10 нафари Қирғиз Республикасидан ташриф буюрган бўлса, қолган иштирокчилар юртимизнинг турли ҳудудларидан келган спортчилардан иборат бўлди.
Мусобақада Туркиядан ташриф буюрган мутахассислар — Ҳункар Йилмаз, Леман Элмас, Туркия Махсус спортчилар спорт федерацияси президенти Бирол Айдин, шунингдек, Қирғизистоннинг Ўш шаҳри Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари Мурат Омошов иштирок этди. Улар чемпионат арафасида ташкил этилган икки кунлик семинар-тренингда ҳам қатнашди.
[gallery-30135]
Мусобақа давомида спортчилар 100, 200 ва 400 метрга югуриш, тўп улоқтириш, узунликка сакраш ва найза улоқтириш каби йўналишларда ўзаро куч синашди. Иштирокчилар юқори тайёргарлиги, иродаси ва спорт маҳоратини намоён этди.
Мазкур халқаро мусобақа махсус спортчиларнинг имкониятларини кенг намоён этиш, ўзаро тажриба алмашиш, спорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда турли мамлакатлар вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Барча иштирокчиларнинг фаол иштироки муносиб эътироф этилди.
Бундай халқаро мусобақалар махсус спортчиларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётига интеграциясини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА