Ветеринария назорати такомиллаштирилади, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида ветеринария соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Хусусан, “Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун давлат ветеринария назорати тизимини янада такомиллаштириш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги битими ҳамда Жаҳон ҳайвонлар соғлиғи ташкилотининг халқаро кодекслари талабларига уйғунлаштиришга қаратилган.
Қонунда ветеринария тадбирларини амалга оширишда ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш устуворлиги, профилактика чораларининг даволаш чораларига нисбатан устувор қўлланилиши ҳамда ветеринария назоратидаги товарлар хавфсизлигини таъминлашга оид нормалар мустаҳкамланмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан эса сувларнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектлари ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун ҳуқуқбузарликни содир этган бевосита масъул шахсларга нисбатан жавобгарлик қўллаш назарда тутилмоқда.
Оқова сувларни чиқариш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун санкцияларни ошириш ҳамда такроран содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун кучайтирилган жавобгарлик чораларини белгилаш таклиф этилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда яроқлилик муддати ўтган, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ҳамда сотиш мақсадида қабул қилиш учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари айланмасини таъминлаш ҳамда инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА