Мамлакатда ов қилиш ва овчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни ошириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида мазкур қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун билан овчилик гувоҳномалари ва ов қилиш учун йўлланмалар бериш тартибини такомиллаштириш, ёввойи ҳайвонларни овлаш квоталарини белгилаш ва тақсимлашнинг илмий асосланган механизмларини жорий этиш, ов қилишни фақат белгиланган овчилик хўжаликлари ҳудудларида ҳамда эркин ов қилиш жойларида амалга ошириш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.
Ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитда овлаш учун эркин ов қилиш жойлари ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.
Қонунга мувофиқ, овчилик хўжаликларига питомникларда етиштирилган ва табиий муҳитга қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига мутаносиб равишда, уларнинг урчиш давридан ташқари вақтларда ов қилишни ташкил этиш ҳуқуқи берилади. Урчиш даврлари эса Фанлар академиясининг Зоология институти хулосаси асосида белгиланади.

Ов қилиш ҳуқуқини расмийлаштирувчи овчилик йўлланмалари махсус электрон дастур орқали берилиши жорий этилиб, овчилик хўжаликларида мазкур ҳужжатлар хўжалик эгалари томонидан, эркин ов қилиш жойларида эса ваколатли орган томонидан тақдим этилади.
Бундан ташқари, овчилик хўжаликларини юритиш учун ер участкаларини ажратиш электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилиб, тегишли шартномалар ижара муддатига мос равишда тузилиши белгиланмоқда.
Қўмита мажлисида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни қўллаш, ерларни лазерли текислаш орқали сув сарфини камайтириш, ирригация тизимларини реконструкция қилиш, ариқ ва каналларни бетонлаштириш ҳисобига катта ҳажмда сув тежалиб, исроф бўлишининг олди олинмоқда.

2025 йилда 817,2 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши ҳисобига 2,3 миллиард куб метр сув тежаб қолинган. Сўнгги 5 йилда эса 1,2 минг км. каналлар ва улардаги 2,5 мингта гидротехника иншооти реконструкция қилиниб, 26 насос станцияси тўлиқ модернизация қилиниши натижасида йилига ўртача 1 миллиард куб метр сув йўқотилишининг олди олинмоқда.
Жорий йилда 503 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, 203 минг гектарда лазерли текислаш ишлари амалга оширилиши ҳисобига 2,5 миллиард куб метр сув тежалиши кутилмоқда.
Мажлисда келгусида суғоришда сувдан фойдаланиш коэффициентини янада ошириш, соҳада сув тежовчи технологиялар қўллашни кенгайтириш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тавсиялар берилди.
Мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА