Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун билан товардаги нуқсонларни унинг ташқи кўриниши орқали аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда товар сифатини қўшимча текширишнинг ҳуқуқий асослари, тартиби ва муддатлари белгиланмоқда. Хусусан, товарнинг сифатини қўшимча текшириш зарур бўлган ҳолларда уни алмаштириб бериш муддати истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун этиб белгиланмоқда.
Истеъмолчининг текширув жараёнида иштирок этиш, унинг ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилинишини талаб қилиш ҳамда товар сифатини ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча текширтириш ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамланмоқда.

Мажлисда Бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Сенаторлар кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусидаги ахборотни эшитди.
Бугунги кунда республикамиздаги кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Хусусан, кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ички муҳандислик тармоқларини таъмирлаш, лифт хўжалигини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича қатор амалий чоралар кўрилган.
“Менинг уйим” ахборот биллинг тизими, бошқарув органларининг электрон реестри ҳамда бошқа рақамли платформаларни жорий этиш орқали соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Муҳокама чоғида сенаторлар томонидан аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш, бошқарув ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА