Бугун, 19 июнь куни пойтахтимизда мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат “UzChess Cup-2025” халқаро турнирининг 1-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча ташланган қуръа натижаларига кўра, “Masters" гуруҳида кечадиган дастлабки турда Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда Аржун Эригайси(Ҳиндистон) билан, Жавоҳир Синдоров қора доналарда Ян Непомняший(ФИДЕ) билан, Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Шамсиддин Воҳидов билан куч синашади.

Шунингдек, Аравиндх Читхамбарам(Ҳиндистон) Праггнанандхаа(Ҳиндистон), Пархам Магсудлу(Эрон) – Ричард Раппорт(Венгрия) қарама-қаршилигидаги ўйинлар кўпчиликнинг эътибор марказида бўлади.
“Challengers” гуруҳида ўтадиган 1-турда Николас Теодороу(Германия)– Эндрю Ҳонг(АҚШ), Муҳаммадзоҳид Суяров – Ма Сун(Хитой), Виталий Сивук(Швеция) – Василий Иванчук(Украина), Муҳиддин Мадаминов(Ўзбекистон) – Нижат Абасов(Озарбайжон), Гулруҳбегим Тоҳиржонова(Ўзбекистон) – Жаҳонгир Воҳидов(Ўзбекистон) рўбарў келади.

Шунингдек, турнир доирасида ўтадиган “Futures” гуруҳида Евгений Алексеев(Исроил) – Саидакбар Сайдалиев(Ўзбекистон), Ҳумоюн Бекмуратов(Ўзбекистон) – Ортиқ Ниғматов(Ўзбекистон), Клементий Сичев(ФИДЕ) – Борис Чаталбашев(Дания), Сапармурат Атабаев(Туркманистон) – Алан Пичот(Испания), Роберт Рук(Венгрия) – Абдималик Абдисалимов(Ўзбекистон) баҳслашади.
27 июнга қадар давом этадиган “UzChess Cup-2025” халқаро турнирининг "Masters" гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 20 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. “Challengers” гуруҳи ғолиби эса 6 минг АҚШ долларини қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги “UzChess Cup” халқаро турнирида Нодирбек Ёқуббоев ғолибликка эришганди.
Т.Рўзиев, ЎзА