Пойтахтимизда ўтаётган "UzChess Cup–2025" турнирининг ортда қолган 3-тур ўйинларидан сўнг "Masters" гуруҳида Нодирбек Абдусатторов 2,5 очко билан етакчига айланиб олди.
Кеча ўтказилган 3-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда венгриялик Ричард Раппорт билан кураш олиб борди. Нодирбекнинг аниқ дона суришлари, Ричарднинг 36-юришдаги ишончсиз ҳаракати оқибатида 54-юриш ҳолатида мағлубиятга учратилди. Бу, ўз навбатида, Абдусатторовни турнир давомида 2 та ғалаба, 1 та дуранг билан пешқадамга айлантирди.

Мазкур турда Нодирбек Ёқуббоевнинг турнир ғолиблигига даъвогарлардан бири саналган ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳаа билан дурангга эришиши, Шамсиддин Воҳидов ва Жавоҳир Синдоров ўртасидаги ўйинда ҳам муроса йўли танланиши гуруҳнинг энг қизиқарли мусобақалари сифатида ёдда қолди.

Турнирнинг “Challengers” гуруҳида Гулруҳбегим Тоҳиржонова 3-турда оқ доналарда украиналик тажрибали Василий Иванчукка, Муҳаммадзоҳид Суяров оқ доналар АҚШ вакили Эндрю Ҳонгга имкониятни бой бериб қўйган бўлса, Муҳиддин Мадаминов хитойлик Ма Кунни мағлубиятга учратди. Жаҳонгир Воҳидов озарбайжонлик Нижат Абасов билан муроса йўлини танлади.

Ушбу гуруҳда 2,5 очкога эга грециялик Николас Теодороу, америкалик Эндрю Ҳонг ва ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминов ғолибликка асосий даъвогар бўлиб турибди.
“Futures" гуруҳида терма жамоамиз аъзоси Ортиқ Негматовнинг қора доналарда туркманистонлик Сапармурат Атабаевни, ёш бўлса-да маҳорат бобида катталарга муносиб рақобат кўрсатиб келаётган Ҳумоюн Бекмуродов Саидакбар Саидалиевни мағлубиятга учратиши катта шов-шувга сабаб бўлди.

Ортда қолган ўйинлар сарҳисобига кўра, Ортиқ Негматов 2,5 очко билан етакчига айланиб олди.
Бугун, 22 июнь куни "Masters" гуруҳида Жавоҳир Синдоров қора доналарда Рамешбабу Праггнанандҳаага, Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Аржун Эрийгаисига, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда эронлик Парҳам Мақсудлуга қарши ҳаракатланади.

"Challengers" гуруҳида Муҳиддин Мадаминов қора доналарда грециялик Николас Теодороу билан рўбарў келади. Шунингдек, Гулруҳбегим Тоҳиржонова хитойлик Ма Кун, Муҳаммадзоҳид Суяров оқ доналарда швециялик Виталий Сивук, Жаҳонгир Воҳидов қора доналарда Василий Иванчук билан куч синашади.

Мукофот жамғармаси 105000 АҚШ долларидан иборат халқаро турнир 27 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА