Устоз ва шогирд мулоқоти
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида таниқли театр рассоми Георгий Брим таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Мулоқот: Мерос ва нигоҳ” кўргазмаси очилди.
Кўргазмада Георгий Брим ва унинг шогирди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, театр рассоми Шуҳрат Абдумаликов асарлари намойишга қўйилган.
[gallery-25360]
Георгий Брим (1935–1999) театр рассоми-сценограф сифатида самарали фаолият юритган. У Озарбайжонда туғилиб, Ашхобод ва Тошкентда таълим олган. Маълум вақт Туркманистон театрларида рассом-сценограф бўлиб ишлаган, кейинчалик Ўзбекистоннинг етакчи театрларида бош рассом сифатида фаолият юритган. Миллий анъаналарни замонавий сценография билан уйғунлаштирган ҳолда юзлаб драма ва опера спектаклларини безаган. Тошкент театр ва рассомлик олийгоҳида дарс бериб, кўплаб ёш сценографларни тарбиялаган. 1999 йилда Германияда вафот этган.
Георгий Бримнинг ҳаёти театр, унинг режиссёр ва актёрлари билан узвий боғлиқ эди. Унинг янгича қарашлари саҳнадаги ҳар бир спектаклга яхлит ва образли олам бағишлаб, драматургиянинг ҳақиқий ҳамнафас ҳамкори сифатида шаклланди. Брим асарни шунчаки тасвирлаб қолмасдан, унга ўзининг чуқур ва мустақил руҳини ўрнатиш орқали театр санъатидаги энг йирик ислоҳотчилардан бирига айланди. Унинг сценография тараққиётига қўшган ҳиссаси беқиёс ва юксак баҳога лойиқдир.
Георгий Брим томонидан безатилган энг машҳур спектакллар қаторида “Оғир айблов” (1967), “Аср драмаси” (1968), “Шоҳ Эдип” (1969), “Мария Стюарт” (1969), “Олтинчи июль” (1969) асарлари бор.
Кўргазмада шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, сценограф ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Шуҳрат Абдумаликовнинг асарлари ҳам ўрин олган бўлиб, у Георгий Бримнинг сўнгги ва энг севимли шогирдларидан бўлган.
Шуҳрат Абдумаликов талабалик давриданоқ Ёш томошабинлар театри ва Аброр Ҳидоятов номидаги театрда спектаклларни безашни бошлаган ҳамда институтни тугатгандан сўнг ўқитувчилик фаолиятини давом эттирган. У ўз ижодий фаолияти давомида мамлакатимиз ҳамда Буюк Британия, Қозоғистон ва Қирғизистон театрларида 300 дан ортиқ спектаклни безаган. У Марк Вайл, Баҳодир Йўлдошев, Овлияқули Хўжақули ва Барзу Абдураззоқов каби машҳур режиссёрлар билан ҳамкорлик қилган. Таниқли танқидчи Ильдар Мухторовнинг фикрича, Шуҳрат Абдумаликов нафақат рассомлик маҳорати, балки ўзига хос, ғайриоддий образли ечимларни таклиф қилиш қобилиятига эга эканлиги билан ҳам ажралиб туради.
Устоз ва шогирд ижодини бирлаштирган ушбу кўргазма авлодлар ўртасидаги изчилликни яққол намоён этиб, Георгий Бримнинг янгича ғоялари бугунги Ўзбекистон санъатида қандай давом этаётганини кўрсатади.
Экспозицияда Георгий Бримнинг 35 та, Шуҳрат Абдумаликовнинг 30 га яқин асари ва 2 та инсталляция томошабинлар эътиборига тақдим этилган.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА