Бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт пойдевори
Тилимизда “Ўз юртим, ўз Ватаним” деган ибора бор. Бу бир қарашда оддий туюлади. Аслида, унинг замирида ҳар бир инсоннинг миллати, тили ва эътиқодидан қатъи назар, шу заминда ўзини тенг ҳуқуқли, ҳурматга сазовор фуқаро сифатида ҳис қилиши ётади. Бағрикенглик ана шу ҳиссиётнинг амалий ифодасидир.
БМТ Бош Ассамблеяси қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили дунё ҳамжамиятида “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Мазкур сана нишонланиши юртимизда ҳам яхши анъанага айланган. Ҳар йили ноябрь ойи ўрталаридан бошлаб миллатлараро ва динлараро дўстлик, аҳиллик ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўзида жамлаган “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтади.

Ўзбекистон ҳудуди азалдан турли халқ, маданият ва динлар бирлашган маскан ҳисобланади. Буюк ипак йўли карвонлари савдо билан бирга илм, янги ғоя ва урф-одатларни ҳам кўчириб юрган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломаларнинг илмий мероси ҳам билим, мулоқот ва инсонга ҳурмат анъаналарига таянади.
Демак, бағрикенглик бизга четдан кириб келган тушунча эмас, ўз тарихий тажрибамиз ҳосиласидир. Бугунги Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг моҳияти ҳам шу анъанани асраш, мустаҳкамлаш ва янада бойитишдан иборат. Айни жараённи ташқаридан кузатиб келаётган, бизга яқин дўст – Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллошукур Пошозода шундай дейди:
– Ўзбекистоннинг дунё ҳадис илмига тақдим этган энг катта туҳфаси – Имом Бухорий ва ул зотнинг бой меросидир. Бухорий мақбараси нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки бутун ислом цивилизациясининг бебаҳо маънавий ва маданий бойлигидир. Бу маскан ҳар бир ўзбек учун қанчалик азиз бўлса, бутун мусулмон олами учун ҳам шунчалик қадрлидир. Самарқанднинг шуҳратини янада юксалтирган, Имом Бухорий мақбарасини муқаддаслигига муносиб муҳташам мажмуага айлантирган, Ислом цивилизацияси марказини барпо этган муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига чуқур эҳтиром ва самимий миннатдорлик билдирамиз. Бу ишлар Ўзбекистон ўз тарихи, дини ва маънавий қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашаётганининг ёрқин намунасидир. Бу диёрда амалга оширилаётган ишлар бугун халқаро миқёсда муносиб баҳоланмоқда. Ислом мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида намоён бўлмоқда.
Бугун жонажон Ўзбекистонимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил, иноқ яшаб, мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бундай миллий-маданий хилма-хиллик ғоят ноёб ижтимоий ҳодисадир. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси миллати, тили ва динидан қатъи назар эркин, фаровон яшайдиган инсонпарвар давлатнинг ўрни, нуфузини оширишга камарбаста.
Президент Шавкат Мирзиёев халқлар дўстлиги куни муносабати билан жорий йил 30 июль куни йўллаган байрам табригида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мамлакатнинг энг бебаҳо бойлиги эканини таъкидлаган.
Юртимизда 1995 йил 72 миллий-маданий марказ фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 157 тага етди. Ҳар бир вилоятда бундай марказлар учун “Дўстлик уйлари” ташкил этилган. Мамлакатда 46 дўстлик жамияти иш олиб боради. Ушбу масканларда ўтказилаётган умуммиллий байрамлар, дўстлик кечалари, фестиваль ва учрашувлар мамлакатимизнинг маданий қиёфасини белгилайдиган муҳим маърифий тадбирларга айланмоқда.
Ўзбекистондаги таълим муассасаларида ўқув жараёни етти тилда олиб борилиб, қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарслик, адабиёт билан таъминланмоқда. Телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилиб, 14 тилда газета ва журнал нашр этилмоқда.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида йўналиш сифатида белгиланган эди. Бу устуворлик 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам сақланди. Конституция билан кафолатланган ҳамма учун виждон эркинлиги 2021 йил 5 июлда имзоланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун билан янада кучайтирилди.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси фаолият самарадорлигини ошириш учун муҳим ҳуқуқий асосдир.
Давлат сиёсатини мувофиқлаштириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита фаолият юритмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби муассасалар илм, таълим ва маърифат йўналишида иш олиб бормоқда.
2023 йилдан бошлаб динлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликка ҳисса қўшган инсонлар “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда. Бу юртимизда бағрикенглик давлат томонидан юксак қадрланишини кўрсатади.
Мамлакатимиз бу борада жаҳон минбарида ҳам турли ташаббуслар билан чиқмоқда. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа нуфузли халқаро минбарларда илгари сураётган ташаббуслари билан ислом динининг тинчликпарварлик, бағрикенглик, инсонпарварлик ва илм-маърифатга асосланган эзгу моҳиятини халқаро ҳамжамиятга кенг ва фаол тарғиб этмоқда.
Муҳтарам Юртбошимиз БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини таклиф қилган, ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланган. Резолюцияда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, диний эркинликни таъминлаш, турли миллат ва дин вакиллари ҳуқуқини ҳимоя қилиш вазифалари белгиланган.
Айни пайт мазкур ташаббуслар маърифий ислом ғоясини илгари суриш, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришни глобал кун тартиби устувор йўналишига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу сиёсий-дипломатик ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил июль ойида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми мамлакатимизнинг мазкур соҳадаги саъй-ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқди. Анжуман 50 мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмон иштирокида тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғоялари муҳокама қилинган йирик платформага айланди.
Мазкур форум ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Ҳабибулло Садибақосев фикрини келтириш ўринли:
– Ўзбекистон бугун халқаро муносабатларда “Диний-маърифий дипломатия”нинг ўзига хос миллий моделини шакллантирмоқда. Маърифий ислом ғоясини, диний бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ташқи сиёсатнинг муҳим гуманитар йўналиши сифатида илгари суришга асосланган бу модел мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи янги дипломатик ёндашув сифатида намоён бўлмоқда.
Шу ўринда “Диний-маърифий дипломатия” иборасига эътибор қаратайлик. Диний-маърифий дипломатия – давлатнинг ташқи сиёсатда дин ва маърифатнинг тинчликсевар, инсонпарвар моҳиятидан фойдаланиб, мамлакатлар ва халқлар ўртасида ишонч ҳамда ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш йўлидаги фаолиятидир. Бундан кўзланган мақсад дин номидан бўладиган ҳар қандай низо ва зўравонликнинг олдини олиш, жаҳолатга қарши маърифат орқали курашиш, ислом динининг тинчлик дини эканини таъкидлашдир.
Ўзбекистонда бу йўналиш тасодифий ташаббусларга эмас, изчил давлат сиёсатига таянади. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий каби буюк aлломалар меросини чуқур ўрганиш ва дунёга танитиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиши, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ташкил этилиши, халқаро анжуман ва семинарлар мунтазам ўтказилиши, БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши айни изчил ишларнинг ёрқин ифодасидир. Бундай ёндашув туфайли бугун Ўзбекистон дунёда ислом илм-фани ва маданияти маркази, диний бағрикенглик ва тинчлик ғоялари тарғиботчиси сифатида эътироф этилмоқда.
Қолаверса, диний-маърифий дипломатиянинг миллий модели Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан узвий уйғун ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси, диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, муқаддас қадамжолар ҳамда буюк аллома бобокалонларимиз меросини тиклаш, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилишга қаратилган изчил давлат сиёсати ушбу йўналишларнинг мустаҳкам асосини ташкил этади.
Мамлакатимиз ислоҳотлари нафақат ички ҳаёт, балки ташқи сиёсатда ҳам очиқлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик тамойили асосида изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ташаббуслари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани, мамлакатимизга нисбатан ишонч ва эътибор ортиб бораётгани Янги Ўзбекистон ислоҳотлари амалий самараси ҳамда танланган йўлимиз тўғрилигини тасдиқлайди.
“Ўз Ватаним” дейиш фақат фахрланиш эмас, масъулиятни ҳам англатади. Бу ғоя ҳар биримизга оддий ҳақиқат – Ватан барчамизники эканини эслатади. Миллатидан қатъи назар, ҳар бир инсон шу юртнинг тенг ҳуқуқли фарзандидир. Ҳар куни асраладиган қадрият сифатида тинчликни сақлаш, ғоявий хуружларга бефарқ бўлмаслик ҳар биримизнинг вазифамиз. Тил, урф-одат ва эътиқоддаги хилма-хиллик жамиятни камбағаллаштирмайди, аксинча бойитишга хизмат қилади.
Ватанга муҳаббат бошқа миллат ва динга нисбатан ҳурматдан бошланади. Қўшнимиз, ҳамкасбимиз, ўзга эътиқод вакилига очиқ кўнгил билан муносабатда бўлиш энг оддий ва энг самарали ватанпарварликдир.
Ўзбекистонда бағрикенглик чуқур тарихий анъана, қонуний кафолат, давлат сиёсати ва халқнинг кундалик ҳаётида яшаб келмоқда. Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу анъанани замонавий тизимга айлантириб, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни тараққиётнинг муҳим шарти даражасига кўтарган.
Эркин Дорипов,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик
академияси матбуот котиби