Ўмон бозорида Ўзбекистон маҳсулотлари учун махсус павильон очилади
Ўзбекистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янги бозорларга олиб чиқиш ҳамда халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, айни кунларда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ўзбекистонлик тадбиркорлар Ўмон пойтахти Масқат шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси вакиллари ҳамда экспортёрлар “Хазайен” иқтисодий зонасида жойлашган йирик “Силал” (Silal) мева-сабзавот бозори фаолияти билан танишди. Унда бозор раҳбарияти ҳамда “ErmakPlus”, “Angelsey Food” ва “Uniagro Grup” компаниялари вакиллари иштирокида музокаралар ўтказилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Ўмон бозорига етказиб бериш, ушбу мамлакат орқали Форс кўрфази давлатларига экспорт ҳажмини ошириш ҳамда янги савдо ҳамкорларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, музокаралар якунида ўзбекистонлик тадбиркорлар, хусусан, “ErmakPlus” ва “Uniagro Grup” корхоналари маҳсулотларини тарғиб қилиш мақсадида “Силал” бозори ҳудудидан махсус савдо павильони ажратиш бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ушбу павильонда олти ой давомида хорижий харидорларга намойиш этилади.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА