Украина можароси: дипломатия урушга нуқта қўя оладими?
Россия – Украина урушини дипломатик йўл билан ҳал этиш масаласи бугунги кунда халқаро сиёсатнинг энг мураккаб кун тартибига айланган. Жанг майдонидаги вазият, Москва ва Киевнинг бир-бирига мос келмайдиган талаби, Ғарб давлатлари қараши ҳамда хавфсизлик кафолати борасидаги келишмовчилик тинчликка эришишни қийинлаштирмоқда.
Муаммо фақат музокара даврасига ўтиришда эмас. Асосий масала томонлар урушни тўхтатиш учун қандай шартга рози бўлиши ва эришилган келишув бажарилишини ким, қай тарзда кафолатлаши билан боғлиқ.
Музокара тикланди, аммо келишувгача масофа узоқ
2026 йил ноябрь ойида дипломатик жараён сезиларли жонланди. 10-11 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби шаҳрида АҚШ воситачилигида Россия ва Украина делегациялари иштирокида уч томонлама музокара ўтказилди. Томонлар февраль ойидан буён бундай форматда илк учрашув ўтказди. Америка делегациясига Президент Дональд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер бошчилик қилди.
Ҳозирча ҳудудий масала ва урушни тугатиш шарти бўйича кескин бурилиш кутиш қийин эди. Шунга қарамай, музокара муайян амалий натижа берди: томонлар ҳарбий асирларни йирик миқёсда алмашиш бўйича аниқ келишувга эришди. АҚШ вакиллари буни уруш бошланганидан бери энг йирик гуманитар алмашинув, дея изоҳлади. Афсуски, ҳудудлар тақдири, хавфсизлик кафолати ва урушдан кейинги тартиб масаласи ечилмади.
Бу натижа дипломатиянинг имконияти ва чегарасини бир вақтда намоён этди. Инсонларни асирликдан қайтариш масаласида манфаатлар кесишиши мумкин, аммо гап ҳудуд, суверенитет ва келгуси хавфсизлик ҳақида кетганда томонлар ён беришга тайёрлиги анча чекланади.
Айниқса Донбасс энг оғриқли нуқта. Президент Владимир Зеленский 14 ноябрь куни АҚШ вакиллари Донбассдан Украина қўшини олиб чиқилиши эвазига мамлакат НАТОга аъзо бўлиши имконияти муҳокамага ташланганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳудудий ён бериш масаласи фақат ишончли хавфсизлик кафолати мавжуд бўлган тақдирдагина Украина жамоатчилиги муҳокамасига, эҳтимол, референдумга олиб чиқилиши мумкин.
Киев учун бу масала оддий ҳудудий келишмовчилик эмас. Донбассдан чекиниш мамлакатнинг конституциявий яхлитлиги, ҳарбий қурбонлар ва келажакдаги мудофаа имконияти билан боғлиқ. Москва эса Донецк ва Луганск вилоятлари устидан тўлиқ назорат ўрнатиш талабидан воз кечгани йўқ. Россиянинг ҳудудий даъвоси халқаро миқёсда тан олинмаган аннекция қарорига таянади. Шу боис бу борадаги ҳар қандай муроса фақат ҳарбий чизиқни ўзгартириш билан чекланмай, халқаро ҳуқуқ ва Украина суверенитетига дахл қилади.
Москва ва Киевнинг хавфсизликка доир қараши ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Украина учун уруш тўхтагандан кейин РФ яна ҳужум уюштирмаслигини таъминлайдиган аниқ механизм зарур. Бу НАТОга аъзолик, икки томонлама хавфсизлик битими ёки халқаро кафолат шаклида бўлиши мумкин. Россия эса Украина ҳудудида НАТО ҳарбий инфратузилмаси ёки хорижий қўшин жойлаштирилишига қарши. Президент Владимир Путин Европа ҳарбийлари Украинага жойлаштирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳолаган. Демак, музокара фақат Украина ва Россия ўртасидаги муносабатни тартибга солиш билан чекланмайди. Натижа НАТО, Европа хавфсизлик тизими ва АҚШнинг минтақадаги стратегик иштирокига ҳам таъсир кўрсатади.
Европа музокарада қандай ўрин эгаллайди?

Дипломатик жараёндаги яна бир муҳим ўзгариш Европа давлатларининг мулоқотдаги иштирокини кучайтиришга интилишдир. 13 ноябрь куни Дублинда ўтказилган учрашувдан сўнг Европа Иттифоқи раҳбарлари Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Польша ҳамда ЕИ институтларидан иборат гуруҳ орқали умумий ёндашувни ифодалашга келишди. Кейинги музокарада НАТО вакиллари ҳам иштирок этиши кутиляпти.
Бу қарорнинг сабаби тушунарли: Украинада тинчлик ўрнатилиши бевосита Европа хавфсизлигига дахлдор. Урушдан кейинги даврда санкция, мудофаа харажати, қочқинлар, энергетика ва минтақавий хавфсизлик каби масалаларни айнан қитъанинг бошқа давлатлари ҳам ҳал этишига тўғри келади. Шу боис Европа иштирокисиз тузилган келишувни амалга ошириш ҳам, вазият барқарорлигини таъминлаш ҳам қийин.
Москва Европа давлатлари иштирокига нисбатан эҳтиёткор муносабатда. Кремль вакиллари қитъа фақат тинчликка ҳисса қўшишга тайёр бўлсагина, музокарада қатнашиши мумкинлигини билдирган. РФ томони Европа хавфсизлиги мавзусини кенгроқ муҳокама қилиш таклифини илгари сурмоқда. Давлат раҳбарлари эса Украина тақдири ва қитъа хавфсизлигига оид қарор Киев иштирокисиз қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидламоқда.
Бу масалада Вашингтон воситачилиги ҳам алоҳида аҳамият касб этади. АҚШ бир вақтнинг ўзида Россия билан мулоқот йўлини сақлаш, Украинага кўмак бериш ва иттифоқчилар қарашини мувофиқлаштиришга ҳаракат қиляпти. Вашингтон келишувга тезроқ эришиш истаги билан Киевнинг узоқ муддатли хавфсизлик талаби ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Дипломатиянинг муваффақияти айнан шу – манфаатлар ўртасида ишончли мувозанат топилиши.
Жанг майдонидаги вазият дипломатияга қандай таъсир қилмоқда?
Музокара истиқболига баҳо беришда фронтдаги вазиятни четлаб ўтиб бўлмайди. Ҳар икки томон музокара даврасидаги қарашини ҳарбий имконияти билан мустаҳкамлашга интилмоқда.
“Reuters” агентлигининг 10 ноябрдаги таҳлилига кўра, Россия Украина ҳудудининг қарийб бешдан бир қисмини назорат қилмоқда. Жорий йил рус қўшини олдинга силжиши секинлашди. Шу билан бирга Украина шаҳарлари ва энергетика инфратузилмасига зарба бериш давом этяпти. Киев ҳам РФ ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш корхоналари ва бошқа инфратузилма манзилларига ҳужумни кучайтирган.

Бу ҳолат музокарага икки хил таъсир кўрсатади. Бир томондан урушнинг иқтисодий ва ҳарбий харажати ортиб бориши томонларни муросага ундаши мумкин. Иккинчи томондан ҳар бир тараф ўз вазиятини кучайтириш имкони бор деб ҳисобласа, ён беришни кечиктиришга интилади. Демак, ҳарбий босимнинг ўзи тинчликка олиб келмайди. Аксинча, баъзан музокара учун рағбат яратса, бошқа ҳолатда зиддиятни янада кескинлаштиради. Айниқса энергетика масканлари ва аҳоли яшаш ҳудудларига ҳужум тўхтамаётган бир пайт ўзаро ишончни тиклаш тобора қийинлашади.
Яна бир муҳим жиҳат бор: ўт очишни тўхтатиш ва урушни сиёсий жиҳатдан ҳал этиш бир хил тушунча эмас. Муваққат сулҳ жангни секинлаштириши, инсонпарварлик ёрдами етказиш ва асирларни қайтаришга шароит яратиши мумкин. Ҳудудий низо, хавфсизлик кафолати ва ўзаро даъволар ҳал этилмаса, бундай танаффус янги тўқнашувга тайёргарлик даврига айланиб қолиши эҳтимоли ҳам бор.
Шу маънода келажакдаги келишувнинг энг муҳим шарти – ваъда бажарилишини назорат қилиш механизмини олдиндан белгилаш. Ўт очиш жараёнини ким кузатади? Чегара чизиғи бузилса, қандай чора кўрилади? Хавфсизлик кафолати қайси давлатлар томонидан ва қандай ҳуқуқий мажбурият асосида таъминланади? Бу саволларга аниқ жавоб бўлмаса, имзоланган ҳужжатнинг ўзи барқарор тинчликни кафолатлай олмайди.
Тинчлик учун қандай йўл қолмоқда?
Украина можаросини дипломатик йўл билан ҳал этишнинг бир неча босқичи мавжуд. Дастлаб ўзаро ишончни тиклашга хизмат қиладиган гуманитар келишув, асирлар алмашинуви ва аҳолига зарур ёрдам етказишда натижага эришиш мумкин. Кейин ўт очишни тўхтатиш, фронтни назорат қилиш ва хавфсизлик кафолатини белгилаш бўйича келишув талаб этилади. Энг мураккаб босқич эса ҳудудий масала ва урушдан кейинги сиёсий муносабатни тартибга солишдан иборат бўлади.
Шу ўринда халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойили ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Европа Иттифоқи 11 ноябрь куни Венада эълон қилган баёнотда Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиладиган, ишончли хавфсизлик кафолатига таянган адолатли ва барқарор тинчлик зарурлиги таъкидланди. Қолаверса, Россиядан зудлик билан, шартсиз ўт очишни тўхтатиш ва мазмунли музокарага киришиш талаб қилинди.
Албатта, тинчлик жараёнида фақат бир томоннинг талабини такрорлаш етарли эмас. Россиянинг хавфсизлик борасидаги даъвоси, Украина суверенитети, Европа давлатлари манфаати ва халқаро ҳуқуқ меъёри ўзаро боғлиқ ҳолда кўриб чиқилиши лозим. Бинобарин, манфаатни ҳисобга олиш тажовузни оқлаш ёки босиб олинган ҳудуд мақомини куч ишлатиш орқали ўзгартиришни қонунийлаштириш, дегани эмас. Абу-Дабидаги музокара ҳозирча бу зиддиятни бартараф этгани йўқ. Асирлар алмашинуви бўйича келишув, Европа давлатларининг кейинги босқичда иштирок этишига оид қарор ва Вашингтоннинг воситачилик ҳаракати дипломатик каналлар ишлаётганини кўрсатади.
Энг муҳими, музокара муваффақияти мулоқот неча давра давом этиши ёки қанчалик баландпарвоз баёнот билан якунланишига қараб эмас, балки жанг тўхташи, инсонлар ҳаёти сақланиши ва янги уруш хавфи бартараф этилиши билан ўлчанади.
Дипломатия Украина можаросига нуқта қўйиши мумкин. Бунинг учун томонлар вақтинча ҳарбий танаффус эмас, узоқ муддатли тинчликни таъминлайдиган сиёсий келишувни кўзлаши лозим. Ҳозирча айнан шу мақсадга эришиш йўлидаги энг баланд тўсиқ – ҳудудий даъво ва келажак хавфсизлиги борасидаги ўзаро ишончсизликдир.
Мусулмон Зиё,
ЎзА шарҳловчиси