Турк дунёси етакчи аёллари муштарак келажак йўлида бирлашди
Турк дунёсининг турли минтақаларидан келган етакчи аёллар, олимлар, давлат вакиллари ҳамда ишбилармон доиралар нуфузли намояндалари Туркиянинг Эрзинжон вилоятида ташкил этилган халқаро конгрессда жамланди.
Бинали Йилдирим университети мезбонлигида бошланган анжуманда аёлларнинг тарихий мероси, ижтимоий ўзгариш жараёнидаги ўрни ва глобал етакчилик истиқболи муҳокама қилинди. Аёллар ва оила тадқиқоти амалий илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган “Бўзқир қизларидан глобал етакчиларга: Турк дунёси етакчи аёллари конгресси” “Муштарак ўтмиш, кучли келажак” шиори остида ўтди. Икки кун давом этган нуфузли тадбирда энг илғор академик, давлат арбоби, тадбиркор ва зиёлилардан иборат фаол хотин-қизлар ўзларининг сиёсат, дипломатия, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, маданият ва фуқаролик жамияти соҳаларидаги ўрнини ҳар томонлама таҳлил қилдилар.
Доктор, доцент Қадр Олтин раислигида ўтган анжуманда аёлларнинг қарор қабул қилиш механизмидаги иштироки, тадбиркорлик фаолияти, илмий ютуқлари ва ижтимоий тараққиётга қўшаётган ҳиссаси асосий мавзулар сифатида белгиланди. Иштирокчилар ўзаро билим ва тажриба алмашган шўъба йиғилишларида туркий жамиятларнинг тарихий тараққиётида аёллар зиммасига тушаётган масъулият ҳамда замонавий етакчилик тамойили холис баҳоланди.
Момо Хотун мероси аёллар етакчилигига йўл очади
Конгресснинг энг эътиборга молик тадбирларидан бири Тержон маданий саёҳатидир. Шу куни қатнашчилар Онадўли тарихида давлат арбоби ва ҳукмдор сифатида ном қозонган Момо Хотун номи билан аталувчи тарихий мажмуани зиёрат қилдилар.
Қарийб саккиз асрлик тарихга эга Момо Хотун мажмуаси бетакрор меъморчилиги ва тарихий муҳити билан мамлакатнинг муҳим маданий мерос обидалари сирасига киради. Салжуқийлар ҳукмдори иккинчи Иззаддин Салжуқнинг қизи Момо Хотуннинг тарихий шахсияти, ўз даврида зиммасига олган бошқарув масъулияти ва бунёд этган иншоотлари анжуманнинг аёллар етакчилигига оид ғояси билан ҳамоҳангдир.
Асрлар давомида Онадўли сиёсий ва ижтимоий ҳаётида ўчмас из қолдирган ҳукмдор мероси бутун турк дунёсидан келган аёллар томонидан бевосита ўрганилиши ўтмиш ва келажак ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтайди. Шу тариқа аёллар етакчилиги нафақат илмий маърузалар доирасида кўриб чиқилди, балки мавзуни тарихий мерос билан жонли мулоқот орқали ҳам таҳлил қилиш имкони яратилди.
Эрзинжон тарихий мероси тадбирга ўзгача руҳ бағишлади
Халқаро анжуманга мезбонлик қилган Эрзинжон вилояти бой ўтмиши, маданий қадриятлари билан машҳур. Асрлар давомида турли тамаддунларга бешик бўлган бу кент Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани боис, асрлар давомида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар маркази бўлиб келган.
Урарту, Форс, Рим ва Византия даври изини сақлаган Эрзинжон Малазгирт ғалабасидан сўнг туркийлар тасарруфига ўтган. Менгужаклар беклиги даврида ҳудудда меъморчилик, савдо ва маданий ҳаёт юксалган. Онадўли салжуқийлари, элхонийлар ва усмонийлар даври ҳам шаҳарнинг тарихий қиёфаси шаклланишида муҳим ўрин тутган.
Кемаҳ қалъаси, Олтинтепа Урарту манзилгоҳи, Султон Малик мақбараси ва Момо Хотун мажмуаси каби тарихий обидалар Эрзинжоннинг кўп қатламли ўтмишини бугунги кунгача етказган. Шу жиҳатдан ҳудуд турк дунёси муштарак тарихий ва маданий қадриятларини қайта кашф этиш учун ҳам қулай имконият яратди.
Халқаро ташкилотлардан кучли қўллаб-қувватлов
Конгресс миллий ва халқаро миқёсда фаолият юритувчи кўплаб нуфузли ташкилотларнинг ҳиссаси ва кўмаги билан ўтказилди. Жумладан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA), Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар бошқармаси (YTB), Халқаро турк маданияти ташкилоти (TÜRKSOY), Туркия телерадиокомпанияси (TRT), Шимоли-шарқий Онадўли тараққиёт агентлиги (KUDAKA) ҳамда Аёллар ва демократия жамғармаси (KADEM) каби қатор муассаса ва ташкилотлар анжуманни фаол қўллаб-қувватлади.
Турли йўналишларда фаолият олиб борувчи ушбу тузилмалар саъй-ҳаракати туфайли конгресс шунчаки илмий тадбир доирасидан чиқиб, маданий дипломатия, ижтимоий бирдамлик ва халқаро мулоқот майдонига айланди. Анжуман доирасида ўрнатилган алоқалар турк дунёсида аёлларга йўналтирилган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқот кўламини кенгайтириш ва давлатлар ўртасидаги маданий муносабатни янада мустаҳкамлашга замин яратиши шубҳасиз.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия