Россия НАТОдан 1997 йилдаги чегарага қайтишни талаб қилди (+видео)
Россия Абу-Дабида бўлиб ўтган музокарада НАТОдан ўз қўшинини амалда 1997 йилдаги чегарага қайтариш, Украинага ҳарбий ёрдам беришни тўхтатиш ҳамда ядро қуролидан бирга фойдаланиш амалиётидан воз кечишни талаб қилди. Бу ҳақда “The New York Times” ўз манбалари ва музокара иштирокчилари тарқатган норасмий ҳужжатга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Абу-Дабида Украина ва АҚШ вакиллари билан ўтказилган музокарада Россия томони НАТОдан қўшинини 1997 йилдаги мавқеига қайтариш, Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилган. Шунингдек, Франция ва Буюк Британия ўз ядровий қуролидан бошқа давлатларни ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш имкониятидан воз кечиши кераклиги билдирилган.
Манбалар айтишича, ушбу ҳужжат Россиянинг дастлабки позициясини акс эттиради. РФ расмийлари музокарада Владимир Путин ҳали айрим масалаларда муросага келиши мумкинлигини билдирган.
Ҳужжатда Россия 2021 йил илгари сурган талаблар яна бир бор такрорланган. Яъни, НАТО ўз таркибини кенгайтирмаслиги, Украина, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ҳамда Марказий Осиё ҳудудларида ҳар қандай ҳарбий фаолият тўхтатилиши керак.
Бундан ташқари Россия НАТОдан ўз қўшини ва ҳарбий базаларини альянснинг 1997 йилдаги чегараларига қайтаришни талаб қилмоқда. Бу НАТОнинг Марказий ва Шарқий Европада кенгайишидан олдинги ҳолатга қайтишни англатади.
Tаъкидланишича, бундай қарор Польша ва Болтиқ бўйи давлатлари – Эстония, Латвия ва Литванинг ўзини ҳимоя қилиш имкониятини сезиларли даражада заифлаштиради.
Шунингдек, Кремль Франция ва Буюк Британиядан ўз ядровий қуролидан бошқа Европа давлатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиш имкониятидан воз кечишини талаб қилмоқда. Бу сўнгги вақт Европада фаол муҳокама қилинаётган мавзу ҳисобланади. Яна бир муҳим талаб шуки, Ғарб давлатлари Украинага ҳар қандай турдаги қурол-яроқ, ҳарбий техника ва бошқа ҳарбий маҳсулот етказиб беришни тўхтатиши керак. Шунингдек, Россия Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлишига фақат бир шарт билан рози бўлиши мумкинлиги билдирилган. Бунинг учун Киев ЕИ умумий мудофаа сиёсатида иштирок этмаслиги керак.
Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов (видео), ЎзА