Жанубий Африкада икки отишмада 17 киши ҳалок бўлди
Жанубий Африка Республикаси Претория шаҳри ғарбий қисмида жойлашган туманда 9 киши отиб ўлдирилган ҳолда топилди.
Полиция маълум қилишича, фожиа якшанба куни кечқурун Аттерижвилл ҳудудидаги Жеффсвилл норасмий аҳоли манзилида содир бўлган. Қурбонлар орасида уч аёл ҳам бор. Марҳумлар муваққат кулба ичида ўқ отар қуролдан отилган. Ҳозирча жиноят сабаби номаълум, ҳеч ким гумонланиб қўлга олинмаган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Квазулу-Натал музофотида юз берган яна бир қонли ҳодиса юзасидан тергов бошланганини билдирган. Якшанба оқшомида Питермарицбург шаҳри четида турган автомобиль ичида ўқ отар қуролдан ҳалок бўлгани тахмин қилинаётган 8 киши жасади топилган.
Қайд этилишича, Жанубий Африка дунёда қотиллик даражаси энг юқори давлатлар қаторига киради: мамлакатда кунига ўртача 60 га яқин қотиллик жинояти кузатилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА