Учтепа аҳолиси учун замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди
Пойтахтимизнинг Учтепа тумани аҳолиси учун Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда “Paxtakor Junior” лойиҳасининг 5 йиллиги муносабати билан янги бунёд этилган замонавий футбол мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мазкур спорт мажмуаси барча замонавий талаблар асосида жиҳозланган бўлиб, футбол майдони халқаро стандартларга мос ўлчамларда қурилган. Унда спортчилар ва мураббийлар учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Шунингдек, шарҳловчилар ва кузатувчилар учун махсус хоналар ташкил этилган, майдон ҳудуди тўлиқ видеокузатув камералари билан қамраб олиниб, мазкур тизим “Пахтакор” футбол клубининг марказий базаси билан интеграция қилингани алоҳида эътироф этилди.

Спорт мажмуасида “Пахтакор” футбол клубининг расмий “Paxtakor Junior” болалар ва ўсмирлар футбол мактаби ташкил этилди. Мазкур мактабда 150 нафардан 500 нафаргача бўлган болалар профессионал футбол сирларини ўрганиб, малакали мураббийлар қўл остида спорт маҳоратини оширади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу замонавий футбол мажмуаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, ёшлар спортини ривожлантириш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА