Ёшлар учун янги спорт майдончаси фойдаланишга топширилди
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга кенг жалб қилиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида Сирдарё вилояти Ёшлар маркази ҳудудида замонавий “Street Workout” майдончаси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Қиймати 72 миллион сўм бўлган мазкур спорт майдончаси ёшларнинг очиқ ҳавода мунтазам машғулотлар билан шуғулланиши учун қулай шароит яратади. Унда турли жисмоний машқларни бажариш, куч, чидамлилик ва чаққонликни ривожлантириш имконияти мавжуд.
Энг муҳими, майдончадан ёшлар бепул фойдаланишлари мумкин. Бу эса уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, мушакларини мустаҳкамлаши ва жисмоний тайёргарлигини ошириши учун қўшимча имконият яратади.
[gallery-32551]
— Янги майдонча, айниқса, ёшлар ўртасида оммалашиб бораётган кўча спортига қизиқишни янада ошириш, уларни фаол ва соғлом турмуш тарзига рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бундай масканлар ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, спортга қизиқувчиларни бирлаштириш ва ўзаро соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади, — дейди Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Акрамов.
Эндиликда вилоят Ёшлар марказига ташриф буюрувчи йигит-қизлар ушбу майдончадан бепул фойдаланиб, очиқ ҳавода спорт билан шуғулланишлари ва жисмоний имкониятларини ривожлантиришлари мумкин.
Бир сўз билан айтганда, ёшлар учун яратилган бундайин имконият соғлом авлодни тарбиялаш, соғлом келажак ва фаол жамиятни шакллантириш йўлида ташланган яна бир муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА