Учқудуқда замонавий кураш спорт зали фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Навоий вилояти Учқудуқ туманида замонавий талаблар асосида бунёд этилган кураш спорт залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Янги спорт иншооти ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилади. 12×27 метр ўлчамдаги спорт залида ёш спортчиларга қулайлик яратиш мақсадида кийиниш ва ёрдамчи хоналар ташкил этилган бўлиб, машғулотларни юқори савияда ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Мазкур лойиҳа “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида амалга оширилиб, унинг қурилишига 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Спорт залининг тантанали очилиш маросимида Учқудуқ тумани ҳокими Учқун Элмуродов, Навоий вилояти спорт бошқармаси масъуллари, спортчилар, мураббийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-31109]
Тадбирда бундай замонавий спорт иншоотларининг барпо этилиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда кураш спортини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА