Туркий дунёнинг янги босқичи: ҳамкорлик, геосиёсат ва Ўзбекистон манфаати
Анқара саммити олдидан Туркий давлатлар ташкилоти олдида турган асосий вазифалар ва стратегик танловлар…
Туркий давлатлар ташкилоти бугун маданий яқинликдан амалий иқтисодий ҳамкорликка ўтиш босқичида. Дунёвий рақобат, транспорт йўлаклари учун кураш ва рақамли технология ривожи тузилманинг халқаро майдондаги аҳамиятини оширмоқда. Энди асосий масала — сиёсий келишувларни аниқ иқтисодий натижага айлантириш.
29-30 октябрь кунлари Анқарада ўтказилиши режалаштирилган XIII саммитда ҳамкорликнинг янги устувор йўналишлари белгиланиши кутиляпти. Ташкилот олдида транспорт, инвестиция, рақамлаштириш ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш вазифаси турибди.
Ўрта йўлак – Ўзбекистон учун стратегик имконият
Россия – Украина уруши ва халқаро логистика манзараси ўзгариши Хитой, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги муқобил йўналишларга талабни оширди. Каспий денгизи, Озарбайжон ва Туркия орқали ўтувчи Ўрта йўлак Ўзбекистон учун ташқи бозорга чиқиш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз. Фақат бунинг учун янги транспорт йўналишлари билан бирга мувофиқлаштирилган божхона тартиби, мақбул тариф ва юкни тез етказиб бериш тизими ҳам зарур. Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев таъкидлашича, ТДТ ривожланиши рамзий бирликдан функционал интеграцияга қараб боряпти:
– ТДТ тараққиётининг асосий йўли маданиятдан иқтисодиётга, иқтисодиётдан транспорт, рақамли соҳа ва энергетикадаги ўзаро боғлиқликка ўтишдир. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик эса аъзо давлатлар манфаати ва ташқи сиёсий мажбуриятни инобатга олган ҳолда ривожланиши лозим.
Иқтисодий салоҳият бор, аммо имконият тўлиқ ишга солинмаган
2017-2025 йиллари ТДТ мамлакатларидан мамлакатимизга 11,5 миллиард доллардан кўп сармоя жалб қилинган. Юртимизда ҳамкор давлатлар иштирокида 4 500 дан зиёд корхона фаолият юритяпти. Бинобарин, ўзаро савдо улуши нисбати шерикликни янада чуқурлаштириш зарурлигига ишора қилмоқда. Савдо тўсиғини йўқотиш, саноат алмашинувини кенгайтириш, қўшма сармоявий лойиҳаларни кўпайтириш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.
Рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, кибернетика хавфсизлиги ва яшил энергетика ҳам истиқболли йўналишлар ҳисобланади. Бу соҳалардаги ҳамкорлик мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириб, замонавий технологияни ўзлаштиришга хизмат қилади.
Ташкилотдаги ўрнимиз…
Ўзбекистон 2019 йил ТДТга қўшилгандан буён мунтазам равишда ташкилот кун тартибини амалий ташаббуслар билан бойитиб келмоқда. Самарқанд саммитида транспорт ва яшил дипломатия йўналишларига эътибор қаратилди, кейин рақамли ҳамкорлик, кибер хавфсизлик ва экология масалалари диққат марказига чиқди.
Хусусан, Жўраев республикамизнинг асосий манфаати транспорт имкониятини кенгайтириш, сармоя жалб этиш ва ташқи иқтисодий алоқани диверсификация қилиш билан боғлиқлигига урғу берди:
– ТДТ Ўзбекистон учун муайян бозор ёки транспорт йўналишига қарамликни камайтиришга хизмат қиладиган қўшимча таянчдир. Тузилма фаолияти самарадорлиги эса келишув нечоғли амалга оширилиши, қанча иқтисодий лойиҳа ишга тушиши ва аъзо давлатлар учун қандай натижа бериши билан белгиланади.
Анқара саммитидан нима кутиляпти?
Бўлажак саммит кун тартибидан рақамли ривожланиш, Ўрта йўлак, Туркий инвестиция жамғармаси ва ТДТ+ формати бўйича ҳамкорлик масалалари ўрин олиши кутиляпти.
Қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш асосий вазифага айланган. Шу боис янги ташаббусларни илгари суриш баробарида аниқ режа тузиш, масъул идоралар фаолияти ва натижани баҳолаш механизмига ҳам эътибор қаратиш муҳим.
ТДТ келажаги сиёсий баёнот билан эмас, балки кенгайган савдо, жалб қилинган сармоя, самарали транспорт тизими ва технология ҳамкорлиги билан белгиланади. Ўзбекистон учун эса айни жараёнда ҳар бир ташаббус миллий манфаат ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши асосий мезондир.
Мусулмон Зиё, ЎзА