Анқара саммити: Туркий давлатлар ҳамкорлигининг янги йўналишлари ва Ўзбекистон ташаббуслари
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббуслари, минтақавий ҳамкорлик истиқболи ва геоиқтисодий манфаатлар таҳлили.
2026 йил 30 октябрь куни Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) 13-саммити бўлиб ўтди. «Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида уюштирилган мазкур учрашув тузилма доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни анъанавий маданий-гуманитар ҳамкорлик билан бирга, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, саноат кооперацияси, ҳуқуқий ҳамкорлик ва инсон капиталини ривожлантириш каби амалий йўналишларда янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан эътиборлидир.
Бугунги халқаро муносабатлар тизимида транспорт йўлаклари, таъминот занжири, стратегик хом ашё, технология ва сармоя учун рақобат кучайиб бораётган бир шароитда туркий давлатлар иқтисодий салоҳиятини ўзаро уйғунлаштириш жуда муҳим.
Шу маънода, Анқара саммитида илгари сурилган ташаббусларни фақат ташкилот доирасидаги навбатдаги дипломатик таклифлар эмас, балки минтақавий ҳамкорликнинг иқтисодий мазмунини бойитиш, давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва халқаро иқтисодий жараёнда биргаликдаги иштирокни кенгайтиришга қаратилган стратегик ёндашув сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон учун ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти, аввало, мамлакат ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш, транспорт имкониятидан самарали фойдаланиш ва янги сармоявий манбалар жалб этиш билан белгиланади.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда илгари сурган ташаббусларнинг асосий мазмуни ҳам айни мақсадга хизмат қилади. Бу жараёнда бир неча муҳим йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Ўрта йўлак: географик жойлашувдан иқтисодий устунлик сари
Ўзбекистон денгизга бевосита чиқиш имконига эга эмас. Шу боис халқаро транспорт йўналишларини ривожлантириш, юк ташиш географиясини кенгайтириш ва транзит имкониятини ошириш мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан Ўрта йўлак, яъни Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш масаласи беқиёс аҳамиятга эга.
Хитой ва Марказий Осиёдан Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ҳамда Туркия орқали Европа бозорига чиқиш имконини берадиган мазкур лойиҳа ривожи халқаро юк ташиш йўналишларини кўпайтириш, транспорт хизмати бозорида рақобатни кучайтириш ва минтақа давлатлари транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта йўлакни ягона иқтисодий тизимга айлантириш мақсадида Туркий давлатлар логистика мажмуалари тармоғини яратиш ва тузилма фаолиятини бирга бошқариш таклифини киритди.
Бу муҳим ташаббус фақат янги транспорт йўналишларини шакллантирибгина қолмай, мавжуд инфратузилмани ўзаро боғлаш, логистика хизматини мувофиқлаштириш ва халқаро юк ташиш жараёнини янада самарали ташкил этиш имконини ҳам беради.
Ўзбекистон учун лойиҳа самараси экспорт-импорт амалиёти самарадорлиги ошиши, юк етказиб бериш муддати қисқариши, ташқи савдо учун муқобил йўналишлар кенгайишида намоён бўлади.
Қолаверса, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш мамлакат иқтисодиётининг ташқи логистика хатарларига чидамлилигини кучайтиради. Бу, айниқса, глобал таъминот занжирида узилиш кузатилаётган, халқаро транспорт йўналишлари стратегик аҳамияти ортиб бораётган бугунги шароитда ўта долзарб.
Демак, Ўрта йўлак республикамиз учун шунчаки транзит йўналиши эмас, балки географик имкониятни иқтисодий қийматга айлантириш воситасидир.

Туркий дунё-100: саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжири
Саммитда илгари сурилган муҳим ташаббуслардан яна бири юзта стратегик қўшма инвестициявий ва саноат лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган “Туркий дунё-100” дастурини қабул қилиш таклифидир.
Ушбу ташаббус моҳиятан туркий давлатларнинг мавжуд ишлаб чиқариш имконияти, табиий ресурслари, технология салоҳияти ва сармоявий имкониятни бирлаштиришга йўналтирилган.
Бугунги дунё иқтисодиётида муайян давлат рақобатбардошлиги фақат табиий ресурс ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан белгиланмайди. Маҳсулотни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қиймат яратиш, замонавий технологияни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва халқаро бозорга тайёр маҳсулот билан чиқиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Демак, 100 қўшма лойиҳани ўз ичига олган дастур туркий давлатлар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш учун муҳим майдонга айланиши мумкин.
Ўзбекистон учун бундай ҳамкорлик янги ишлаб чиқариш қуввати яратиш, замонавий технологияни жалб қилиш, экспортбоп маҳсулот турини кўпайтириш ва қўшимча иш ўринлари очиш, дегани.
Бинобарин, ҳар қандай ташаббуснинг ҳақиқий самараси лойиҳа сони эмас, балки иқтисодий рентабеллик, маҳаллийлаштириш даражаси, экспорт салоҳияти ва яратиладиган қўшилган қиймат билан белгиланади.
Стратегик минераллар ва яшил энергетика: янги технологик ҳамкорлик имконияти
Жаҳон иқтисодиётида энергетика трансформацияси жадаллашиб бораётган бир шароитда литий, мис, уран, молибден каби стратегик хом ашёга талаб ортмоқда. Бундай ресурслар қайта тикланувчи энергия қурилмалари, электр транспорти, аккумуляторлар ва бошқа замонавий саноат технологиялари ишлаб чиқаришда муҳим ўрин эгаллайди.
Шу маънода стратегик минераллар масаласи бугун нафақат иқтисодий, балки технологик ва энергетик хавфсизликнинг ҳам муҳим таркибий қисмига айлангани тушунарли.
Президент Шавкат Мирзиёев “Туркий дунё-100” дастури доирасида стратегик минералларни чуқур қайта ишлаш ва яшил энергетика ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга устувор аҳамият қаратиш таклифини берди.
Бу ташаббус Ўзбекистон учун алоҳида истиқболга эга. Зеро, мамлакатимизда рангли металлар, уран сингари минерал ресурслар мавжудлиги бундай унсурларни чуқур қайта ишлаш асосида янги саноат тармоғини ривожлантириш имконини беради.
Айни пайт хом ашёни қазиб олиш ва экспорт қилишнинг ўзи етарли эмас. Асосий фойда қайта ишлаш, технологик жиҳатдан мураккаб маҳсулот ишлаб чиқариш ва халқаро қиймат занжирига уланиш орқали юзага чиқади.
Туркий давлатлар ўртасидаги саноат ва технология ҳамкорлиги айнан шу жараённи жадаллаштиради.
Туркий инвестиция жамғармаси: ташаббусдан аниқ лойиҳага ўтиш механизми
Ҳар қандай йирик иқтисодий ташаббуснинг ҳаётийлиги, аввало, молиявий таъминотга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молия институтлари маблағини қўшма лойиҳаларга йўналтириш масаласи долзарб.
Президент таклиф этган “Туркий дунё-100” дастурининг муваффақияти ҳам шундай молиявий механизмдан самарали фойдаланишга бевосита боғлиқ.
Жамғарма фаолияти аъзо давлатлар ҳамкорлигини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва истиқболли лойиҳаларга ресурс йўналтиришга қаратилади.
Мамлакатимиз учун қўшма корхоналар ташкил этиш, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланган бу жараёнда асосий вазифамиз мавжуд молиявий ресурсларни аниқ иқтисодий натижа берадиган, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли лойиҳаларга йўналтиришдан иборат.
Тижорат масалаларида ҳуқуқий ҳамкорлик: тадбиркорлар учун
ишончли муҳит
Иқтисодий интеграциянинг муваффақияти фақат транспорт ва инвестиция имкониятига эмас, балки бизнес фаолиятининг ҳуқуқий кафолатига ҳам боғлиқ. Масалан, бир давлатда фаолият юритаётган тадбиркор бошқа мамлакат билан ҳамкорлик давомида шартнома мажбурияти бузилиши, молиявий низо ёки суд жараёни билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин. Бундай вазиятда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизми самарали ишлаши ишбилармон манфаатини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Шу боис Ўзбекистон Президенти тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида кўп томонлама шартнома ишлаб чиқиш ва тегишли мурожаат ҳамда ҳужжатларни электрон алмашиш учун рақамли платформа яратишни таклиф этди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатда ҳуқуқий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бизнес юритиш жараёнидаги тўсиқларни камайтириш ва тадбиркор манфаати муҳофазасини мустаҳкамлашдир.
Шу тариқа трансчегаравий савдо ва инвестиция лойиҳалари ҳуқуқий жиҳатдан ишончли муҳитда ривожланади.
Туркий туризм альянси: ягона сайёҳлик макони сари
Туризм туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришда улкан имкониятга эга.
Минтақамиз тарихий обидалар, табиий масканлар, маданий мерос ва зиёрат туризми салоҳияти билан ажралиб туради. Ушбу имкониятдан янада самарали фойдаланиш учун барча давлатлар сайёҳлик йўналишларни ўзаро боғлаш, транспорт қатнови кўламини кенгайтириш ва саёҳатчилар учун қулай шароит яратиш зарур.
Президент Шавкат Мирзиёев “Туркий туризм альянси”ни ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг ўзаро сафарларини енгиллаштириш, жумладан ID-карта орқали саёҳат қилиш имконини кенгайтириш бўйича кўп томонлама келишув ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Бу ташаббус туркий давлатларни ягона сайёҳлик макони сифатида тарғиб қилиш, туризм йўналишларини диверсификация қилиш ва ўзаро сайёҳлар оқимини тезлаштириш учун янги имконият яратади.
Натижада Ўзбекистон учун ҳам туризм хизмати экспортини кенгайтириш, ҳудудлар жозибадорлигини ошириш, меҳмонхона бизнеси, транспорт, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришга йўл очилади.
Албатта, ID-карта билан сафарга чиқиш масаласи тегишли давлат қонунчилиги ва ўзаро келишув асосида амалга ошади. Демак, мазкур ташаббуснинг амалий натижаси келгусидаги ҳуқуқий ва ташкилий механизмга боғлиқ.
ТДТ+: халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш
Анқара саммитида илгари сурилган муҳим сиёсий-дипломатик ташаббуслардан бири “Туркий давлатлар ташкилоти+” форматини йўлга қўйишдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ғояси билан учинчи давлатлар билан тармоқ вазирлари даражасида учрашувлар ташкил этиш ва савдо, транспорт, инвестиция каби устувор йўналишларда аниқ қўшма лойиҳалар амалга оширишга чақирди.
Бу ташаббус ташкилотнинг халқаро ҳамкорлик имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Ҳозирги шароитда ҳеч бир минтақавий иқтисодий ҳамкорлик платформаси ташқи дунёдан узилган ҳолда самарали ривожлана олмайди. Яъни, бугун халқаро савдо, инвестиция, технология ва транспорт тизими ўзаро чамбарчас боғланган.
Демак, бошқа давлатлар ва халқаро ҳамкорлик тузилмалари билан амалий алоқани ривожлантириш ТДТ иқтисодий салоҳиятини ошириши шубҳасиз.
Айни ёндашув республикамизнинг очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсати тамойилига мос.
Умуман, ТДТ+ ғояси туркий давлатлар халқаро ҳамкорлиги доирасини кенгайтириш, янги шериклар билан иқтисодий алоқани ривожлантириш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга ошириш учун қўшимча майдон вазифасини бажаради.

Инсон капитали, таълим ва экология: узоқ муддатли тараққиёт омиллари
Туркий давлатлар ҳамкорлигини фақат иқтисодий кўрсаткич билан баҳолаш тўғри эмас. Мазкур жараённинг узоқ муддатли самарадорлиги инсон капитали, илм-фан, таълим ва экологик барқарорликка ҳам боғлиқ.
Шу маънода давлатимиз раҳбари Ўзбекистон туркий давлатлар ёшлари учун “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастури доирасида ҳар йили таълим гранти ажратишга тайёрлигини билдириши алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу ташаббус ёшлар сифатли таълим олиши, ўз илмий салоҳиятини ривожлантириши ва келгусида туркий давлатлар иқтисодий ҳамда технологик ҳамкорлигида фаол иштирок этиши учун имконият яратади.
Зеро, бугунги кунда давлатлар рақобатбардошлиги нафақат табиий ресурс ва ишлаб чиқариш қуввати, балки малакали мутахассислар, илмий изланиш, инновацион ишланмалар билан ҳам белгиланади.
Экологик ҳамкорлик ҳам келгуси тараққиётининг муҳим шартларидан биридир.
Марказий Осиё ва минтақамизга туташ ҳудудларда иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, чўлланиш ва биологик хилма-хиллик қисқариши каби муаммолар тобора долзарблик касб этмоқда. Айни жараён давлатлар иқтисодий ривожи, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу боис мамлакатимизнинг 2027 йилни ТДТ доирасида “Табиатни муҳофаза қилиш йили” деб эълон қилиш таклифи қўллаб-қувватлангани минтақавий экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутиляпти.
Бу йўналишда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, чўлланишга қарши курашиш ва табиий экотизимни муҳофаза қилишга қаратилган қўшма лойиҳалар муҳим ҳисобланади.
Демак, таълим ва экология бўйича ташаббуслар ташкилот ҳамкорлигининг фақат бугунги иқтисодий манфаатга эмас, балки келажак авлодлар тараққиёти ва фаровонлигига ҳам йўналтирилганини кўрсатади.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг ташкилотдаги институционал роли
Туркий давлатлар ташкилотининг ўзига хослиги шундаки, тузилма фаолияти умумий тарихий мерос, тил ва маданий қадриятларга асосланган. Шу боис иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга мавжуд муштаракликни асраб-авайлаб, янги авлодларга етказиш ҳам муҳим вазифа.
Анқара саммитида Президент Шавкат Мирзиёев туркий халқларнинг умумий тил бойлигини акс эттирувчи “Муштарак туркий сўзлар луғати”ни яратиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур таклиф туркий тиллар ўртасидаги тарихий ва лингвистик яқинликни илмий асосда ўрганиш, умумий сўз бойлигини тизимлаштириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имконият яратиши таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Досен Касеиновга топширилиши ҳам муҳим воқеадир.
Буларнинг бари муносабатларнинг тарихий ва маданий асосини мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Айни пайтда анжуманнинг муҳим институционал натижаларидан бири Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзоди ТДТ Бош котиби лавозимига қўллаб-қувватланиши бўлди. Унинг ташкилот тизимидаги аввалги фаолияти ва халқаро ҳамкорлик бўйича тажрибаси келгусида амалий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, навбатдаги саммит 2027 йил Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланди. Бу мамлакатимиз учун устувор ташаббусларни янада ривожлантириш, ҳамкор давлатлар билан мулоқотни фаоллаштириш, янги қўшма лойиҳаларга туртки бериш нуқтаи назаридан муҳим имкониятдир.
Анқара ташаббусларининг стратегик моҳияти: имкониятлар
ва истиқболдаги вазифалар
Анқара саммитида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусларни умумлаштирилса, моҳиятан бир-бири билан узвий боғлиқ уч стратегик йўналиш мужассамлашгани намоён бўлади.
Биринчи – иқтисодий интеграцияни амалий мазмун билан бойитиш. Транспорт-логистика, саноат кооперацияси, инвестиция ва туризм соҳаларидаги таклифлар туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро манфаатдорликни оширишга қаратилган.
Иккинчи – минтақанинг халқаро иқтисодий алоқалардаги иштирокини кенгайтириш. Ўрта йўлакни ривожлантириш, ТДТ+ форматини йўлга қўйиш ва стратегик минералларни чуқур қайта ишлаш туркий давлатларнинг халқаро иқтисодий жараёндаги имкониятини оширади.
Учинчи – узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун институционал ва инсоний асосни мустаҳкамлаш. Ҳуқуқий ҳамкорлик, таълим гранти, экология ташаббуслари ва маданий алоқалар ташкилот фаолияти барқарорлигини таъминловчи муҳим омиллардир.
Шу билан бирга ташаббусларнинг барчаси амалга оширилиши учун қатор амалий масалалар ҳал этилиши лозим. Жумладан, лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш, давлатлар ўртасидаги техник ва божхона тартибини мувофиқлаштириш, ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ва ижро интизомини таъминлаш зарур.
Айниқса, транспорт йўлакларини ривожлантиришда портлар, темир йўл тармоқлари, чегара ўтказиш манзиллари ва логистика марказлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Саноат кооперациясида эса лойиҳалар иқтисодий самарадорлиги, технологик трансфер ва маҳаллий ишлаб чиқариш занжирларига таъсир асосий мезон бўлиши шарт.
Демак, саммитда билдирилган сиёсий ирода ва ташаббусларни аниқ иқтисодий натижага айлантириш келгуси даврнинг муҳим вазифасидир.
Хулоса: Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликдаги стратегик позицияси
Анқара саммити натижалари Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги фаол ва ташаббускор позициясини яна бир бор намоён этди. Муҳими, илгари сурилган таклифлар нафақат тарихий-маданий яқинликни мустаҳкамлаш, балки мавжуд иқтисодий муносабатларни янги мазмун билан бойитишга қаратилган.
Ўзбекистон учун ТДТ, энг аввало, халқаро иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, янги бозорларни ўзлаштириш, транспорт имкониятини кенгайтириш ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш учун муҳим кўп томонлама платформадир.
Бунда бир муҳим жиҳатни таъкидлаш жоиз: туркий давлатлар ҳамкорлиги ривожланиши бошқа халқаро ташкилотлар ёки ҳамкорлик механизмига муқобил тузилма яратишдан кўра, мавжуд халқаро иқтисодий ва дипломатик алоқаларни тўлдириш, янги имкониятларни ишга солиш мақсади билан аҳамиятли.
Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги очиқлик, прагматизм ва кўп томонлама ҳамкорлик тамойили ҳам шундай ёндашувни тақозо этади.
2027 йил навбатдаги саммит юртимизда ўтказилиши мамлакатимиз зиммасига муҳим ташкилий ва сиёсий масъулият юклайди. Энди Анқарада илгари сурилган ташаббуслар ижросини таъминлаш, қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш, ҳамкор давлатлар билан мувофиқлаштирилган фаолиятни кучайтириш муҳим.
Зеро, халқаро ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси қабул қилинган декларациялар ёки илгари сурилган ташаббуслар сони эмас, балки натижа ўлароқ яратилган янги корхоналар, кенгайган савдо алоқалари, ривожланган транспорт йўналишлари, янги иш ўринлари ва фуқаролар фаровонлигига қўшилган ҳисса билан ўлчанади.
Анқара саммитининг Ўзбекистон учун стратегик аҳамияти ҳам айнан шунда: мамлакатимиз умумий тарих ва маданиятга асосланган ҳамкорликни замонавий иқтисодий манфаат, технологик тараққиёт ва минтақавий барқарорлик билан уйғунлаштиришга интилмоқда.
Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА мухбири