Ўзбекистон ташаббуслари Туркий дунёни янги тараққиёт босқичига бошламоқда
Туркия пойтахти Анқарада «Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ташкилот учун рамзий аҳамият билан бирга амалий мазмун касб этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар ҳамкорлик кун тартибини сиёсий баёнотлар доирасидан иқтисодий, ҳуқуқий, транспорт, таълим ва маданий лойиҳалар майдонига олиб чиқишни кўзда тутди. Саммит арафасида «Бештепа» боғида туркий давлатларнинг миллий-маданий мажмуасининг очилиши ҳам шу йўналишдаги муҳим рамзий қадам бўлди. Умумий меросни асраш ва уни кенг жамоатчиликка тақдим этиш маданий яқинликни қоғозлар ва ҳужжатлардан кўра кундалик ҳаётга кўчиришга хизмат қилади.
Тан олиш керакки, бугун халқаро муносабатлар тизими тубдан ўзгариб, геосиёсий рақобат кескинлашмоқда. Туркий дунё атрофидаги қуролли можаролар нафақат хавфсизликка, балки савдо, транспорт ва тараққиёт истиқболларига ҳам таъсир кўрсатаётгани айни ҳақиқат. Шундай шароитда бой табиий ресурсларга эга бўлган минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик фақат маданий яқинлик масаласи эмас. У иқтисодий ва логистик барқарорлик шартларидан бирига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон ТДТни ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида кўриши стратегик ёндашувдир. Шу билан бирга, ташкилотнинг нуфузи унинг ташқи шериклар билан очиқ ва ўзаро манфаатли муносабатлар қура олишига боғлиқ. Айни нуқтаи назардан кейинги пайтларда ташкилотни шерик ва ҳамкорлар билан бойитиш масаласи бот-бот кўтарилаётганди. Давлатимиз раҳбарининг «Туркий давлатлар ташкилоти плюс» форматини соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш таклифи айнан шу мантиққа асосланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқара саммитида илгари сурган «Туркий давлатлар ташкилоти плюс» (ТДТ+) форматини таъсис этиш ва уни айнан соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш таклифи ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини белгилашда муҳим сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга. ТДТ туркий тилли ва қардош халқларнинг бирлигига асосланган. Аммо бугунги глобаллашув даврида ҳар қандай ташкилот фақат ички миллий-маданий алоқалар билангина чекланиб қолса, унинг таъсир доираси ва иқтисодий самараси торайиб боради. «ТДТ+» формати ташкилотни минтақавий чегаралардан олиб чиқиб, ташқи дунё билан эркин ва ҳамкорлик қилувчи очиқ халқаро платформага айлантиради (АСЕАН+, БРИКС+ ёки G7 каби).
Шу ўринда савол туғилади. Нега айнан олий даражадаги саммитлардан эмас, соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш керак? Давлат раҳбарлари даражасидаги «Плюс» саммитлари кўпинча сиёсий декларациялар ва геосиёсий муҳокамалар билан чекланиб қолиши мумкин. Соҳавий вазирлар, масалан, транспорт, энергетика, савдо, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги) даражасида бошлаш эса бир қатор устунликларга эга. Соҳавий вазирлар аниқ масалаларни, олайлик, тарифлар, божхона тартиблари, логистика коридорлари, инвестиция битимлари ва қўшма корхоналарни муҳокама қилади. Бу форматни бошиданоқ аниқ лойиҳалар кун тартибига боғлайди. Дунёда геосиёсий рақобат кескинлашган пайтда учинчи йирик давлатларни олий даражадаги саммитларга таклиф қилиш бошқа глобал кучлар томонидан турлича талқин қилиниши мумкин. Соҳавий мулоқот эса сиёсий тортишувлардан холи бўлиб, соф иқтисодий ва технологик манфаатларга хизмат қилади. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида манфаатдор шерикларни жалб қилиш мумкин. Масалан, IT ва технология бўйича Жанубий Корея ёки Япония билан, инвестиция ва энергетика бўйича Кўрфаз давлатлари билан, логистика ва савдо бўйича эса Европа Иттифоқи ёки Хитой билан алоҳида соҳавий мулоқотлар олиб бориш имкони пайдо бўлади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойили — мувозанатли, кўп векторли ва прагматик ҳамкорликдир. Тошкент бир томонлама боғлиқлик ёки ёпиқ альянсларга киришни эмас, балки барча марказлар – Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Россия, Хитой, АҚШ, Европа, Араб дунёси билан тенг ҳуқуқли алоқаларни маъқул кўради. ТДТ ичида «Плюс» форматини илгари суриш орқали Ўзбекистон ташкилотни учинчи кучлар билан зиддият майдони эмас, балки глобал мулоқот кўприги сифатида ривожлантириш позициясини намойиш этмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган «Туркий дунё — 100» дастури (100 та стратегик қўшма сармоявий ва саноат лойиҳасини қамраб олувчи дастур) ташкилот доирасидаги иқтисодий шерикликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи ташаббусдир. Гап шундаки, кўп томонлама ташкилотларда энг катта муаммо — саммитларда имзоланадиган умумий баёнотлар ва меморандумларнинг ҳаётга тўлиқ кўчмаслигидир.
Туркий давлатлар улкан табиий бойликларга – нефть, газ, рангли ва нодир металлар, пахта, қишлоқ хўжалиги хомашёсига эга. Аммо бу бойликларни шунчаки хомашё сифатида учинчи давлатларга экспорт қилиш катта иқтисодий самара бермайди. Дастур бир давлатнинг хомашёси, иккинчисининг технологияси, учинчисининг логистик имкониятини бирлаштириб, тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратишга хизмат қилади. Президент таъкидлаганидек, асосий урғу нодир ва стратегик минералларни чуқур қайта ишлаш, «яшил» энергетика ускуналарини маҳаллийлаштириш (қуёш панеллари, инверторлар, шамол турбиналари) ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилади. Бу минтақани глобал технологик пойгада рақобатбардош қилади. Шу пайтгача ТДТ доирасида таъсис этилган молиявий тузилмалар, хусусан, Туркий инвестиция жамғармаси (устав капитали 600 миллион доллар бўлган) учун аниқ ва йирик миқёсдаги инвестиция портфели талаб этилар эди. «Туркий дунё — 100» дастури ушбу жамғарма учун тайёр амалий иш режаси бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, 100 та йирик лойиҳанинг тизимли пакети мавжуд бўлса, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтларидан йирик миқдордаги синдикатланган кредитлар ва инвестицияларни жалб қилиш анча осонлашади.
ТДТга аъзо давлатларнинг умумий аҳолиси 170 миллиондан ортиқ, жами ЯИМ эса 2,5 триллион доллардан ошади. Бироқ бу давлатлар кўплаб саноат ва истеъмол товарларини учинчи давлатлардан (Европа, Хитой, Шарқий Осиё) импорт қилади. Қўшма корхоналар ташкил этилиши орқали туркий давлатлар ўзаро бозорларда бир-бирининг маҳсулотини сотиб олиш имконига эга бўлади. Бу ички бозорни мустаҳкамлайди, валюта чиқиб кетишини камайтиради ва ташқи иқтисодий шокларга (санкциялар, нархлар сакраши, таъминот инқирозлари) нисбатан барқарорликни таъминлайди.
100 та йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаси юз минглаб янги иш ўринларини яратишни англатади. Бу шунчаки оддий меҳнат ўринлари эмас, балки юқори технологияли, муҳандислик ва технологик бошқарув билан боғлиқ сифатли иш ўринлари бўлади. Мазкур жараён ёшларнинг замонавий билим ва малакаларни эгаллашига туртки бериб, минтақадаги касбий ва олий таълим тизимини бевосита саноат билан боғлайди. Ўзбекистон учун мазкур ташаббус, биринчи навбатда, экспортни диверсификация қилишга имкон беради. Ўзбекистон ўз саноат маҳсулотлари билан Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия каби йирик бозорларга кириб бориши учун қулай шароит яратилади. Инвестиция ва технология жалб қилишга кўмаклашади. Туркия ва Озарбайжоннинг саноат, кимё, тоғ-кон ва энергетикадаги технология ҳамда молиявий имкониятлари мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этилади. Маҳаллий тадбиркорлар хорижий шериклар билан қўшма корхоналар тузиб, трансмиллий лойиҳаларда иштирок эта олади.
«Туркий дунё — 100» дастури — бу ТДТнинг иқтисодий «темир-бетон пойдевори», десак тўғрироқ бўлади. Агар мазкур дастур пухта техник-иқтисодий асослар, шаффоф қоидалар, аниқ муддатлар ва молиялаштириш манбалари билан мустаҳкамланса, у Туркий давлатлар ташкилотини фақат маданий-тарихий бирлашмадан қудратли, ўзини ўзи таъминлай оладиган ва жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнига эга бўлган йирик саноат ҳамда ишлаб чиқариш марказига айлантиради.
Иқтисодий алоқалар жадаллашган сайин бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларига эҳтиёж ортади. «Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги кўп томонлама шартнома ишлаб чиқиш таклифи ана шу эҳтиёжга жавоб беради. Суд қарорларини ўзаро тан олиш ва ижро этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос — инвесторлар учун энг муҳим кафолатлардан биридир. Шу билан бирга, ҳуқуқий ёрдам сўровлари ва ҳужжатларни электрон алмаштиришга мўлжалланган рақамли платформа ташкил этиш таклифи ҳуқуқий ҳамкорликни кундалик амалиётга айлантириш учун зарур. Бироқ бу жараёнда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, юрисдикция ва ҳужжатларнинг юридик кучини аниқ белгилаш талаб этилади.
2025 йилда ташкилот давлатларига 100 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ келгани туркий маконнинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Аммо бу ҳаракатнинг катта қисми ички ва минтақавий алоқаларга қаратилган бўлиши мумкин. «Туркий туризм альянси»ни ташкил этиш таклифи тарихий шаҳарлар, табиат ва маданиятни жаҳон бозорида биргаликда тақдим этиш учун мос форматдир. Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида кўп томонлама битим ишлаб чиқиш таклифи эса одамлар учун энг сезиларли қадам бўлиши мумкин. ID-карталар асосида сафар қилиш, чегарадан ўтиш ва меҳмон давлат ҳудудида бўлиш тартибини соддалаштириш бизнес, таълим ва маданий алоқаларни сезиларли даражада кучайтиради.
Технологик тараққиётнинг пойдевори — инсон капитали ва замонавий билимга эга ёш авлод. «Янги Ўзбекистон стипендияси» доирасида 500 нафар хорижлик талаба учун яратилган имконият ва Туркий давлатлар вакилларига ҳар йили 200 та таълим гранти ажратишга тайёрлиги Ўзбекистоннинг бу соҳадаги амалий улушидир. Тил масаласида Алишер Навоийнинг «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз» деган ҳикматига таянган ҳолда «Умумтуркий сўзлар луғати»ни яратиш ташаббуси муҳим. У туркий тиллар ўртасидаги муштарак лексикани ҳужжатлаштириб, таржима, таълим ва рақамли воситалар учун асос бўла олади. Шу билан бирга, тил соҳасидаги ҳар қандай мувофиқлаштириш давлатларнинг миллий тил сиёсатига ҳурмат асосида ва илмий-амалий мезонларга таяниб олиб борилиши мақсадга мувофиқ.
2027 йилни Ташкилот доирасида «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани ҳам диққатга сазовор. Минтақада сув, иқлим ўзгариши ва экологик хавфсизлик масалалари кун сайин долзарблашмоқда.
Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимовнинг Бош котиб лавозимига қўллаб-қувватлангани мамлакатимизнинг ташкилотдаги роли кучайганини кўрсатади. Кейинги саммитни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи ҳам бу масъулиятни янада оширади. Анқарада илгари сурилган ташаббусларнинг катта қисмини амалий ҳолатга келтириш айнан Ўзбекистон раислиги даврига тўғри келади.
Президентимизнинг Анқара саммитидаги ташаббуслари ТДТни маданий-рамзий майдондан иқтисодий, ҳуқуқий, транспорт ва технологик ҳамкорлик тузилмасига айлантиришга қаратилган. Улар бир-бирини тўлдиради. Саноат кооперацияси ҳуқуқий кафолатларга, логистика тармоғи рақамли мувофиқликка, туризм эса фуқаролар сафарини соддалаштирувчи битимга боғлиқ. Эндиликда асосий вазифа — эълон қилинган таклифларни аниқ лойиҳаларга, масъулларга, молиялаштириш манбаларига ва муддатларга айлантириш. «Туркий дунё — 100» дастури, умумий логистика тармоғи, ҳуқуқий ёрдам шартномаси, туризм альянси ва луғат лойиҳаси бўйича дастлабки амалий натижалар кўринса, туркий давлатлар ҳамкорлиги минтақа учун ҳақиқий тараққиёт омилига айланади. Ўзбекистон бу жараёнда фақат иштирокчигина бўлиб қолмайди. Аксинча, ташаббусларни илгари сурувчи ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиришга тайёр давлат сифатида намоён бўлмоқда.
Абдурафиқ Ҳошимов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети ҳузуридаги
Дипломатия академияси кафедра мудири