“Туркий дунё адабиёти” туркумидаги янги китоблар тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция доирасида “Туркий дунё адабиёти” туркумидаги янги китоблар тақдимоти ўтказилди.
Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги амалий ҳамкорлик, дўстона адабий алоқаларимиз йилдан йилга кенгайиб боряпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, адабий дўстлик – абадий дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир ҳам адабий алоқаларимизнинг нечоғлик ривожланиб бораётганига мисол.
Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси, “Мереке баспалари” нашриёти томонидан “Туркий дунё адабиёти” туркумида қозоқ тилида туркий адабиётнинг таниқли намояндалари Анарнинг “Қонақ уй болмеси”, Хайриддин Султоновнинг “Бақит жағалауи”, Султон Раевнинг “Топан”, Арслон Қойшиевнинг “Туқимқурт” китоблари чоп этилди. Ушбу китоблар азалдан тили, дили, маданияти, урф-одат ва анъаналари ўхшаш бўлган туркий халқларни яна-да яқинлаштиришга хизмат қилади.

Тақдимот тадбирида Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Қирғизистон Республикаси давлат котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Арслон Қойчиев, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, ушбу хайрли лойиҳа раҳбари Мереке Қулкенов, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев, Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар Рзаев – Анор муаллим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Татаристон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ркаил Зайдуллин, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон сўзга чиқиб адабий алоқаларимизнинг мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида тўхталди.

Тадбир давомида бир гуруҳ ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Озарбайжон Ёзарлар бирлиги аъзолигига қабул қилинди. Уларга гувоҳномани Сирожиддин Саййид ва Анар муаллим топширди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шаҳриёр Шавкат Турон халқларига бағишланган шеърини ўқиб берди.
Н.Усмонова, ЎзА