Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида тайёрланган 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Ўзбекистон янги маънавий-маърифий ташаббуслар, эзгу ва инсонпарвар лойиҳалар билан жаҳонга юз тутаётганини таъкидлади.
Тантанали тадбирда туркий халқлар ўртасида ягона тарих ва умумий қадриятлар тимсолига айланган адабий алоқалар, 100 жилдли мажмуа нашр этилишининг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги адабий дипломатияни шакллантиришдаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини яратиш билан боғлиқ жараёнлар, олиб борилган илмий ва ижодий изланишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди.
Ушбу эзгу ташаббус асосида ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиётининг юксак намуналаридан халқимизни ҳар томонлама баҳраманд этиш, улуғ ота-боболаримиз ва туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг буюк алломалари, адибларининг бой адабий мероси, шунингдек, бугунги замонавий адабиётнинг сара намуналарини бир мажмуада халқимизга етказиш, китобхонларни ўзбек адабиёти ва туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиёти намуналари билан яқиндан таништириш мақсадида туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг миллий адабиёти намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси нашр этилди.
Жорий йил 11 ноябрида Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур тўплам ҳақида шундай фикр билдирган эди: “Биз яқинда ташкилотимизга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини ўзбек тилида нашр қилдик. Ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этсак, қардош элларимизни, авваламбор, ёш авлодларимизни ўзаро яқинлаштириш учун мустакҳам замин яратган бўлар эдик”.
Дарҳақиқат, “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламига умумтуркий адабиётнинг қадимги давридан то XXI асрнинг шу кунларига қадар яратилган сара намуналари, яъни Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар –Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилди.
Ушбу адабий хазина туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳа сифатида ғоят қадрлидир. Мажмуада барча туркий тилли халқлар адабиёти вакилларига кенг ўрин берилган. Хусусан, “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилддан Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” каби мумтоз асарлари ўрин олган.
28 жилдни ташкил этган “Ўзбек адабиёти намуналари” Алишер Навоийнинг “Сайланма ғазаллари” билан бошланиб, қорақалпоқ адабиёти намуналарини ҳам ўз ичига олади. Мажмуада турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, ва туркман ижодиётига ҳам кенг ўрин ажратилган. Жумладан, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Нозим Ҳикмат, Низомий Ганжавий, Насимий, Фузулий, Самад Вурғун, Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев, Махтумқули, Мулланафас, Отажон Тоғон каби мумтоз ва замонавий адабиётнинг 100 дан ортиқ намояндалари қаламига мансуб ноёб мерос жамланган. Арон Ярош ва таниқли венгер адибларининг машҳур асарлари якунловчи жилд сифатида тақдим этилган.
[gallery-9685]
“Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами жами 1010 нафар муаллифни қамраб олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қисқа муддатда катта меҳнат, залворли ижодий иш амалга оширилди. Мажмуа учун материал тўплаш мақсадида қардош давлатларга бир неча бор ижодий сафарлар уюштирилди. 50 га яқин адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир, рассомлар мажмуани тайёрлаш ва чоп этиш ишларига кенг жалб этилди.
Ғоят синчковлик ва катта масъулият талаб қиладиган бундай кенг қамровли ижодий жараёнда шу кунга қадар амалга оширилган таржималар орасидан энг саралари, таржима санъатининг мумтоз намуналари сифатида эътироф этилган етук асарлар танлаб олинди. Мазкур ижодий лойиҳада Ғафур Ғулом, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Носир Фозилов, Пиримқул Қодиров сингари устоз адиблар билан бир қаторда бадиий таржима соҳасининг бугунги маҳоратли намояндаларининг ижодий ишларига ҳам алоҳида ўрин берилган. 100 жилдли бу тўпламни тайёрлашда 200 нафардан зиёд таржимон қатнашди.
– “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами нашр этилгани учун Озарбайжон давлати номидан Президент Шавкат Мириёевга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, – деди Тошкентдаги Озарбайжон маданият маркази директори, Озарбайжон Республикасининг юртимиздаги элчихонаси биринчи котиби Самир Аббосов. – Бу муҳим тарихий воқеадир. Эндиликда китобхонлар туркий мамлакатларнинг ёзувчи ва шоирлари асарларини ўз она тилларида ўқиш имконига эга бўлдилар. Адабиёт – ҳаёт кўзгуси. Ҳар бир халқ ўз адабиёти, маданияти орқали дунёга танилади. Ҳозир ҳам адабиёт халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим воситадир. Биз ушбу тўплам ҳақида Озарбайжон оммавий ахборот воситаларига маълумот юбордик. Бу воқелик Озарбайжонда катта резонанс уйғотди. Айни пайтда Шавкат Мирзиёевнинг туркий адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси сифатида юксак баҳоланмоқда.
– Туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда, – деди Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият масалалари бўйича атташеси Айжамал Қарамурзаева. – Бунда маданий ҳамкорликка катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами нашр этишга оид ташаббуси улкан лойиҳа саналади. У Туркий давлатлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшади. Мазкур тўпламни тайёрлашда меҳнат қилган Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Иброҳим Ғафуров каби адабиётшуносларга миннатдорлик билдирмоқчиман.
– Очиғини айтганда, Президентимизнинг таклифи тушганда, қисқа вақт ичида улгурармикинмиз, деган савол туғилганди, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. – “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами нашр этилиши янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфасини кўрсатадиган лойиҳа бўлди. Ёзувчилар уюшмаси китоб тарғиботида фаол иш олиб бормоқда. Тўпламни тайёрлашда олимлар, ноширлар, журналистлар биргалашиб ишладик. Миллий адабиётимиз босиб ўтган йўлни кўрсатиб бердик. Шу билан бирга мазкур тўпламни тайёрлашда қардош мамлакатлар адабиётида қандай жараёнлар кечаётганини ҳам англадик.
Тақдимот маросимида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар – Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги мамлакат – Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихоналари вакиллари, бир гуруҳ ижодкор зиёлилар ушбу адабий дурдонанинг нашр этилиши қардош халқлар ўртасидаги азалий дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (суратлар), ЎзА