Туркий дунёнинг маънавий мероси: адабиёт — даврлар ва авлодлар мулоқоти
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт ривожига қаратаётган эътибори сўз санъатида халқаро ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланишига муҳим асос яратмоқда. Бунинг самарасида кейинги йилларда қардош халқлар билан адабиёт соҳасидаги маърифий алоқалар тобора равнақ топмоқда. Биргаликда ташкил этилаётган адабий форумлар, анжуманлар ва турли ижодий лойиҳалар бунинг ёрқин далилидир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчиларининг «Туркий дунёнинг маънавий мероси: адабиёт — даврлар ва авлодлар мулоқоти» форуми бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги, Биринчи туркология конгрессининг 100 йиллиги (Боку, 1926), шунингдек, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ўтказилди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси каби тузилмалар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Дастлабки тадбирлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қораманас қишлоғидаги Раҳматулла Райимқулов номидаги 34-сонли мактабда бошланди. Бу ерда янги ўқув йилининг тантанали очилиши ва «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари, янгиланган мактаб кутубхонаси ҳамда коворкинг мажмуасининг очилиш тадбирлари бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида мактаб кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси томонидан китоблар топширилди.
Шу куни «Раҳматулла Райимқулов: авлодларни бирлаштирувчи мерос» мавзусида ижодий учрашувлар ва очиқ дарс ўтказилди. Таниқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маъруза қилди.
[gallery-31242]
Форум тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Қозоғистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тугжанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Мереке Қулкенов, Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Актўти Райимқулова, шунингдек, икки мамлакатнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, олимлари ҳамда ижодкорлари иштирок этди.
3 сентябрь куни форум Тошкент шаҳрида давом этди. Тадбирлар Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган форум дастуридан «Адабий дўстлик — абадий дўстлик» мавзусидаги китоблар кўргазмаси, Биринчи Боку туркология конгрессининг 100 йиллигига бағишланган архив материаллари кўргазмаси, «Ўзбекистон ва Қозоғистон адабий мулоқоти: муштарак мерос, бугунги кун ва ҳамкорликнинг янги уфқлари» мавзусидаги сессия ҳамда «Туркий дунё адабий ҳамкорлигининг янги уфқлари» мавзусидаги давра суҳбати ўрин олди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчилари, олимлари, таржимонлари ва маданият муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро таржималарни ривожлантириш, қўшма нашриёт лойиҳаларини амалга ошириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, адабий меросни рақамлаштириш, шунингдек, ижодий ҳамкорликни янада кенгайтириш каби муҳим масалалар муҳокама этилди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида 2018 йил 7 августда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, икки мамлакат адабий ташкилотлари ушбу ҳужжат доирасида қатор адабий лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Ушбу ҳамкорлик самаралари сифатида бир қатор муҳим лойиҳаларни келтириш мумкин. Жумладан, Қозоғистоннинг «Тулға Дўстуқ» («Улуғ дўстлик») жамоат фонди билан ҳамкорликда «Жуз өлең» — «Юз шеър» лойиҳаси амалга оширилди. Унга кўра, 20 нафар ёш ўзбек шоирининг шеърлари қозоқ тилида Олмаотада, 21 нафар ёш қозоқ шоирининг шеърлари эса Тошкентда ўзбек тилида чоп этилди.
Ҳар йили 10 август куни буюк қозоқ ижодкори Абай таваллуди Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинади. Ўзбекистонлик олимлар улуғ қозоқ оқини ижодига бағишланган рисола ва китоблар, шоир шеърларининг ўзбек тилидаги таржималари жамланган тўпламларни чоп эттирди.
Таниқли қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоий достонларини таржима қилиб, Олмаотада чоп эттирди. Қозоқбой Йўлдошев, Ибодулла Мирзаев, Янгибой Қўчқоров каби ўзбек ижодкорлари эса Абай асарларини ўзбек тилида нашр эттирди.
«Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлик асарлар мажмуасининг 10 та жилди қозоқ адабиётига бағишланган. Ундан Абай, Жамбул каби қозоқ мумтоз шоирлари билан бирга, Қалмақон Абдуқодиров, Собит Муқонов, Ўлжас Сулаймонов, Анвар Олимжонов каби таниқли қозоқ шоир ва ёзувчиларининг асарлари ҳам ўрин олган.
Бу мажмуани тайёрлашда Турсунали Аҳмедов, Эргаш Абдувалитов, Музаффар Аҳмад каби ижодкорларимиз катта меҳнат қилди. Мажмуанинг қозоқ адабиёти бўлимини тайёрлашда қатор ўзбек ижодкорлари ҳам фаол иштирок этди. Улар орасида Янгибой Қўчқоров, Алимурод Тожиев, Аҳмаджон Мелибоев, Муҳаммадсиддиқ Раҳматов каби ижодкорлар бор.
Мажмуани нашрга тайёрлашда Қозоғистонда истиқомат қилаётган ўзбек ижодкорлари — Баҳодир Оташ, Умрой Каримова, Робия Дўстона кабилар ҳам фаол иштирок этди.
Форум сессияси «Ўзбекистон ва Қозоғистон адабий мулоқоти: умумий мерос, замонавийлик ва ҳамкорликнинг янги уфқлари» мавзусига бағишланди. Сессияда икки мамлакат адабиёти ўртасидаги тарихий ва бугунги алоқалар, муштарак адабий мерос, ижодий ҳамкорлик ва ўзаро таржималар масалалари муҳокама қилинди.
Сессия доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистонда нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Форум икки мамлакат ижодкорлари ўртасидаги адабий мулоқотни янада кенгайтириш, муштарак адабий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш, ўзаро таржималар ҳамда қўшма ижодий лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
2022 йилда таниқли қозоқ адиби Камол Тўқаевнинг бир нечта қиссалари ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкент шаҳрида чоп этилди. Қозоғистоннинг «Таң-Шолпан» («Тонг юлдузи») журнали 2023 йилни «Ўзбек адабиёти йили» деб белгилади. Шу муносабат билан журнал йил давомида ўттиздан ортиқ ўзбек замонавий адабиёти вакилларининг асарларидан намуналарни қозоқ тилига таржима қилиб, чоп этди.
2025 йилда Қозоғистоннинг «Мереке баспалары» нашриёти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ўзаро келишув асосида ўзбек ёзувчилари ва шоирлари асарларини қозоқ тилига таржима қилиб, чоп эта бошлади. 2026 йилда Ўзбекистонда таниқли қозоқ ижодкорлари Қосимхон Бегмановнинг «Улуғдала сабоси», Мереке Қулкеновнинг «Шодлик» назмий ва насрий китоблари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди.
Форум доирасида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Янгиланиш йўлидан бораётган жонажон Ватанимизнинг маънавий-маърифий соҳалардаги юксалиши, бой ўтмиши, келажак сари дадил қадамлар сари одимлаши ушбу марказнинг бетакрор экспозициясида яққол намоён бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган ушбу муаззам маскан қардош юрт ижодкор зиёлиларида унутилмас таассурот қолдирди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчиларининг «Туркий дунёнинг маънавий мероси: адабиёт — даврлар ва авлодлар мулоқоти» форуми икки қардош халқ ўртасидаги адабий-маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, муштарак маънавий меросни кенг ўрганиш ва тарғиб этиш, ўзаро таржималарни ривожлантириш ҳамда янги қўшма ижодий лойиҳаларга йўл очиши билан муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, адабиёт — халқларнинг маънавий хотирасини асрайдиган, уларни бир-бирига яқинлаштирадиган ва авлодларни боғлайдиган буюк кўприк.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА