Туризм: юртимизга беш ойда беш миллиондан кўп хорижий сайёҳ ташриф буюрди
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги нуфузи тобора ортиб бормоқда.
Мамлакатда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, визасиз режим кенгайтирилиши, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда бой тарихий-маданий мероснинг кенг тарғиб этилиши хорижий меҳмонлар оқимининг сезиларли ўсишига хизмат қилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-май ойларида жами 5 миллион 351 минг 868 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ушбу даврда мамлакатга дунёнинг 203 та давлатидан сайёҳлар келгани қайд этилди.
Ташриф буюрган туристларнинг 2 миллион 974 минг 327 нафари эркаклар, 2 миллион 377 минг 541 нафари аёллар ҳиссасига тўғри келган.
Ёш тоифалари бўйича таҳлил қилинганда эса энг катта улушни меҳнатга лаёқатли ва фаол саёҳат қилувчи аҳоли қатлами ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, 31-55 ёш тоифасидаги сайёҳларнинг юқори улуши Ўзбекистонга нафақат маданий ва зиёрат туризми, балки бизнес, хизмат сафарлари ва оилавий саёҳатлар мақсадида келувчилар сони ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.
Юртимизга 203 давлатдан туристлар ташриф буюргани Ўзбекистоннинг халқаро туризм харитасидаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Бу эса келгусида туризм соҳасининг иқтисодиётдаги улушини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини кенгайтириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА