Ўтган беш ойда юртимизга хорижий туристлар оқими 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллионни ташкил этди
Президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзламоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳудудлари ривожланишида туризм ва замонавий агросаноат ҳам драйвер йўналишга айланмоқда.
Хусусан, ўтган беш ойда юртимизга хорижий туристлар оқими 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллионни ташкил этди. Умуман, Ўзбекистонда ҳар йили 15-20 миллион чет эллик сайёҳларни қабул қилиш ва уларга йилига камида 15 миллиард долларлик туризм хизматлари кўрсатиш салоҳияти бор.
Президентимиз инвесторлар туризм дурдоналари бўлган Самарқанд, Бухоро ва Хива билан бир қаторда бошқа ҳудудларимизда ҳам сайёҳлик соҳасига фаол сармоя киритишига умид билдирди.
Шу билан бирга, анъанавий қишлоқ хўжалигини илғор агробизнес тармоғига айлантириш бўйича ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон дунёнинг 70 дан ортиқ давлатига йилига 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилиб, ўз брендига эга бўлди.
— Бугунги анжуманда бизнинг 14 та ҳудуд раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда. Марҳамат, улар билан биргаликда вилоятларга бориб, яратилаётган имкониятлар билан бевосита танишинг. Бой тажрибангиз, технология ва сармоянгиз билан ўзаро манфаатли лойиҳаларда фаол иштирок этинг.
Бу жараёнларда барча ҳокимлар сизларнинг ёнингизда туриб, яқиндан кўмак беради ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА