Ўзбекистон туризми янги босқичга чиқмоқда
Мамлакатимизда хорижлик сайёҳларни ўзига чорловчи чиройли манзаралар, тарихий масканлар кўп.
Туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар оқими 10 миллиондан ошди. Бу шунчаки меҳмонлар сони кўпайганини эмас, Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлик харитасидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини англатади.
Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 10,3 миллион нафар хорижий сайёҳ юртимизга ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,4 фоиз кўп. Эътиборлиси, ўсиш биргина анъанавий туристик бозорлар ҳисобига таъминланаётгани йўқ. Ўзбекистонга қизиқиш географияси кенгайиб бормоқда. Хусусан, Хитойдан келган сайёҳлар сони 2,1 баробар, Малайзиядан 1,9 баробар, Миср ва Руминиядан 1,8 баробар, Индонезиядан 1,7 баробар, Япониядан 1,5 баробар, АҚШдан 1,4 баробар, Россиядан эса 1,3 баробар ошган. Европа бозорида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Германия ва Буюк Британиядан келувчилар 25 фоизга, Франциядан 21 фоизга, Туркиядан 15 фоизга кўпайган.
Осиё бозорларидаги юқори ўсиш мамлакатнинг тарихий-маданий мероси, зиёрат туризми, гастрономик ва замонавий сайёҳлик имкониятларига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
Сайёҳлар сонидаги ўсишнинг яна бир муҳим жиҳати бор. Туризм энди фақат меҳмонларни қабул қилиш соҳаси эмас, балки хизматлар экспортининг муҳим йўналишига айланмоқда. Январь-сентябрь ойларида туристик хизматлар экспорти 5,3 миллиард долларга етди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 51,2 фоиз кўп. Демак, хорижий сайёҳ Ўзбекистонга келиб, нафақат тарихий обидаларни томоша қилади, балки меҳмонхонада яшайди, транспорт хизматларидан фойдаланади, умумий овқатланиш шохобчаларига ташриф буюради, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилади, экскурсия ва бошқа хизматларга маблағ сарфлайди. Шу тариқа бир туристнинг ташрифи иқтисодиётнинг бир нечта тармоғига бир вақтнинг ўзида таъсир кўрсатади.
Сентябрь ойининг ўзида мамлакатга 1,2 миллион нафар сайёҳ келгани ҳам мавсумий фаоллик юқори даражада эканини кўрсатмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА