
Ангренда 100 ўринли туғруқ мажмуаси иш бошлади. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, ҳудуд фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар охирги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш орқали жойлардаги тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлигини янада оширишга эришилаётгани таъкидланди.

Инвестицион дастур асосида бунёд этилган иншоот қурилишига 10 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Муассасада замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилиб, 23 турдаги замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Барча таҳлилларни амалга ошириш имкониятига эга замонавий лаборатория ҳам эндиликда аҳоли хизматида.

Яна бир муҳим жиҳати, энергияни тежаш мақсадида бинонинг фасад қисми тўлиқ базалт плиталари билан қопланиб, қуёш панели ҳамда сув иситиш коллекторлари ўрнатилди. Бу ўз навбатида электр таъминоти ва иситиш тизимларида муаммолар бўлмаслигига замин яратади.

Туғруқ комплексида 11 нафар шифокор ва 213 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Келгусида мажмуа негизида Ангрен шаҳар ва Оҳангарон туманининг олис ва чекка “Косонсой”, “Тангатопди”, “Чинор”, “Чет-сув”, “Беш-кўл” ва “Увак” каби маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларига хизмат кўрсатадиган туманлараро перинатал марказ ташкил этиш режалаштирилган.



А.Мусаев, ЎзА.