Техникумларда катта ўзгаришлар: юклама 76 фоизга камайди, мукофотлар кўпайди
Касбий таълим тизимида педагогларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва моддий манфаатдорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энди техникум ўқитувчилари учун нафақат иш шароитлари яхшиланмоқда, балки юқори натижаларга эришиш, халқаро тажриба орттириш ва муносиб даромад олиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Касбий таълим агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Садоқат Самандарова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, аввал педагоглар бажариши лозим бўлган 54 та вазифа 13 тагача камайтирилиб, юклама 76 фоизга қисқартирилди. Бунда педагогнинг бевосита касбий фаолияти ва тажрибасини оширишга хизмат қиладиган вазифалар сақлаб қолинди. Айни пайтда педагогик юкламаларни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида ўқитувчилар учун янада қулай тизим яратиш бўйича махсус гуруҳ иш олиб бормоқда.
Шунингдек, халқаро таълим дастурларини ўқитишга жалб этилган, фаолиятида юқори натижаларга эришган педагоглар, ишлаб чиқариш таълими усталари, техникум директорлари ва тегишли бўлим ходимларига тариф ставкасининг 200 фоизигача миқдорда рағбатлантириш белгиланди. Илғор касбий маҳорат техникумларида фаолият юритаётган ўқитувчиларга 250 фоизгача устама олиш имконияти яратилди. Хорижий ва умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро миқёсда тан олинган сертификатга эга педагогларга базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида устама тўланади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, халқаро таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони бир йил ичида 104 тага етказилди.
Бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида менежерлик сертификатига эга техникум раҳбарлари учун ҳам ойлик устамалар жорий этилди. Техникум директорларига — 50 фоиз, директор ўринбосарларига — 30 фоиз миқдорида устама тўланади. Бу орқали раҳбарларнинг бошқарув компетенцияларини ривожлантириш ва таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
2026–2027 ўқув йилида 50 та техникумда, 2027–2028 ўқув йилидан эса барча техникумларда ҳар 20 нафар ўқувчига битта ишлаб чиқариш таълими устаси тўғри келадиган норматив жорий этилади. Мазкур техникумларда ишлаб чиқариш таълими усталарининг ойлик иш ҳақини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача белгилашга рухсат берилади. Яна бир муҳим ўзгариш — ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим ташкилотларидаги биринчи малака тоифали ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилди.
Педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида танлов ҳамда халқаро мусобақалар ғолиблари учун ҳам молиявий рағбатлантириш чоралари белгиланди.
Техникумларда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва педагогларни халқаро сертификат олишга рағбатлантириш мақсадида янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, ҳар ўқув йилида техникумларнинг хорижий тил ўқитувчилари орасидан камида B даражага ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга битирувчилар сони энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига Миграция агентлиги жамғармаси ҳисобидан 50 миллион сўмдан субсидия тўланади.
Умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган янги форматдаги «Йил ўқитувчиси» танловининг 208 нафар туман ва шаҳар ғолибига илк бор 616 миллион сўм миқдорида мукофот берилган эди. Эндиликда Президент ташаббуси билан келгуси йилдан бошлаб танловни 14 та ҳудуддаги техникум усталари ўртасида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу касбий таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган устозларнинг салоҳиятини намоён этиш ва уларни муносиб тақдирлаш учун янги имконият яратади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА