Иорданияга майиз маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилади
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев Иорданиянинг “Al-Diaa Roastery for Coffeye” компанияси вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда етиштирилган қуритилган мева ва ёнғоқ маҳсулотларини Иордания бозорига экспорт қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри савдо алоқаларини ўрнатиш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш лозимки, “Al-Diaa Roastery for Coffeye” компанияси 1997йилда ташкил этилган бўлиб, қаҳва, ёнғоқ, зираворлар, дуккакли ва қуритилган мева маҳсулотларини қайта ишлаш, қовуриш ҳамда қадоқлашга ихтисослашган. Компания 14 та савдо дўконидан иборат тармоққа эга.
Хорижлик мутахассисларга мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш ва қадоқлаш мажмуалари фаолияти, маҳсулотларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув сўнггида “Al-Diaa Roastery for Coffeye” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг “Sunfest Impex Grup” корхонаси ўртасида майиз маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА