Оталик меҳри, боболик шарафи: набирага мактуб –барча болажонларга даъват
Ҳар бир ота-она, бобо-ю буви фарзандининг келажагини ўйлаб яшайди. Аммо зиммасига бутун бир халқ ва миллат тақдири юкланган инсон учун бутуйғу янада кенгроқ ва залворлироқ маъно касб этади. Саккиз нафар набиранинг бобоси, меҳнат фахрийси сифатида Президентимизнинг набирасига ёзган мактубини ўқир эканман, бу биргина болага эмас, балки юртимиздаги барча болажонларга аталган чин юрак сўзи эканини теран ҳис қилдим.
Умрнинг етмишинчи довонига бир қадам қолган чоғда, набираларим даврасида ўтириб, мактубдаги ҳар бир сўз замирида оталик ғамхўрлиги, боболик меҳри ҳамда давлат раҳбарининг туну кун юрт тинчлиги ва ёшлар истиқболи йўлидаги бедорлиги мужассам эканини чуқур англадим.
Давлатимиз раҳбарининг узоқ сафарлари, халқаро ҳамкорликлари ва эртанги кунни кўзлаб олиб бораётган ислоҳотлари замирида улкан масъулият ётибди. Кичкинтойлар баъзан сафарга отланаётган катталардан, “Нега яна кетяпсиз?” деб сўрайди. Мактубдаги шу савол ва унга берилган жавоб бугунги шиддатли замоннинг энг катта ҳақиқатини очиб беради: юрт тараққиёти ва ёшларнинг порлоқ келажаги йўлида тиним билмай меҳнат қилиш ҳақиқий етакчилик бурчидир. Президентимизнинг “Халқим тунда осуда ухлаши учун ҳам мен ҳар доим бедор бўлмоғим керак, ахир!”, деган сўзлари эл-юрт тақдири учун чексиз фидойилик рамзи сифатида қалбимизда акс этади.
Бу сатрларни ўқиганимда, беихтиёр ўзимнинг болалик йилларим кўз олдимдан ўтди. Мактубда “Сенинг ёшингда ёзнинг жазирамасида ғўза чопиб, изғирин совуқда пахта терганман. Мактабда ўн йил ўқиган бўлсам, шунинг деярли ярми далада ўтган”, дея эсланади. Биз ҳам суягимиз қотмасдан, кўпинча мактаб партасидан узилиб, катталар билан ёнма-ён дала меҳнатига чиққанмиз. Ўша синовлар бизни сабр ва меҳнатга ўргатган бўлса-да, болаликнинг энг беғубор дамларини қисқартирган. Шу боис болаларни даладан мактабга қайтариш, ёруғ ва замонавий таълим масканларини барпо этиш, устозлар мақоми ва билим сифатини юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни мен оддий бир бобо ва меҳнат фахрийси сифатида катта миннатдорлик билан қарши оламан.

Бугун фарзандларимиз кенг имкониятлар, замонавий мактаб ва тўгараклар, билим ва истеъдод майдонларида эркин улғаймоқда. Саккиз нафар набирам ҳам бу шароитлардан унумли фойдаланиб, қувончли ютуқларга эришаётганидан қалбим фахрга тўлади. Улар инглиз тилини мукаммал ўрганиб, бир қатор грантларга сазовор бўлди. Тўнғич неварам замонавий билимларни эгаллаб, моҳир дастурчи бўлиб етишгани, жорий йилда эса яна бир набирам олий таълим муассасасига ўқишга киргани хонадонимизга алоҳида қувонч бағишлади. Кичкинтойларим ҳам эътибордан четда эмас, улар замонавий боғчаларда тарбияланиб, хорижий тилларни ўрганмоқда, турли тўгаракларга қатнашиб, илк истеъдодларини намоён этмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва оқилона сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.
Айни пайтда замон шиддаткор. Гаджетлар, сунъий интеллект ва турли машғулотлар ёшларнинг вақтини осонгина ўғирлаши мумкин. Шу боис мактубдаги “Унутма, вақт шундай бойликки, унинг баҳоси йўқ. Уни ортга қайтариш, тиклаш ҳам имконсиздир” ҳамда “Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдалан, аммо уларга қарам бўлиб қолишдан эҳтиёт бўл!”, деган насиҳатлар, шунингдек, хорижий тилларни ўрганиш ва китобга, билимга интилиш ҳақидаги даъватлар айни вақтида айтилган сўзлардир. Зеро, технология ёшларга хизмат қилиши, билим ва тафаккурни бойитиши керак, аксинча, вақтни зое кетказувчи омилга айланмаслиги лозим.
Заминимиз жаҳон илм-фани ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган буюк зотларни етиштирган муқаддас юрт. Мактубда таъкидланганидек, “Унутма, сизлар ўз ақл-заковати билан дунёни ўзгартирган, инсониятга устозлик қилган не-не буюк зотларнинг авлодисиз”. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби улуғ боболаримизнинг маънавий мероси ҳар бир ёш авлод учун фахр ва йўлчи юлдуздир. Бугун халқаро фан олимпиадаларида, жаҳон биринчиликларида ва нуфузли олийгоҳларда ютуқларга эришаётган ёшларимиз ана шу буюк ворисликнинг ёрқин исботидир.
Ҳаёт йўли ҳар доим ҳам бир текис кечмайди, гоҳида қийинчиликлар, қоқилишлар ёки кутилмаган синовлар учрайди. Бундай паллада энг муҳими, тушкунликка тушмаслик, сабр ва ирода билан олдинга интилишдир. Президентимизнинг “Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир” ва “Одамийлик – инсоннинг асл зийнати. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон бўлиб қолмоқ муҳимдир”, деган теран сўзлари ҳар бир ўғил-қизнинг қалбидан чуқур жой олиши шарт.
Бу даъватлар Ватанни севиш, байроқни қадрлаш, мардлик, ҳалоллик, камтарлик ва олижанобликни асрашга чорлайди. Мен ҳам набираларимнинг суюкли бобоси ва меҳнат фахрийси сифатида юртимиздаги барча болажонларга илмли, ҳунарли, ватанпарвар ва одамийлик зийнатига эга инсонлар бўлиб улғайишни тилайман.
Бу мактуб Ўзбекистондаги миллионлаб болажонларга аталган бетакрор насиҳат ва эзгу тилакдир. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизнинг эртанги куни ёруғ бўлсин. Фарзандларимиз ва набираларимиз илм-маърифат, гўзал одоб билан камол топиб, жонажон Ватанимизнинг муносиб ворислари бўлишсин, уларнинг камоли бардавом бўлсин!
Ёқубжон ҒАФФОРОВ,
меҳнат фахрийси.
ЎзА