Трамп америкаликларга 5 минг доллардан беришни ваъда қилди (+видео)
АҚШ президенти Дональд Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Республикачилар партияси Вакиллар палатаси ва Сенат устидан назоратни сақлаб қолса, ҳар бир катта ёшли АҚШ фуқаросига 5 минг доллардан тўлашга ваъда берди. Трамп бу ҳақда Даллас шаҳрида бўлиб ўтган Республикачилар партияси съездида сўзлаган нутқида айтди.
У бу тўловларни муваффақиятли компанияларнинг инвесторларга дивиденд тўлашига ўхшатди.
«Ягона шарт шуки, берилган пуллар АҚШ ичида сарфланиши керак. Пулни Канадага бориб сарфлашингизни истамаймиз. Хитой ёки Германияга бориб ҳам сарфламанг. Пулни АҚШда ишлатишингиз керак», — деди Трамп.
BBC мухбирининг таъкидлашича, Трамп сайловчилар овозини жалб қилиш кампанияси доирасида америкаликларга бундай тўловларни ваъда қилган биринчи президент бўлиши мумкин.
Бироқ бу пулни ким тўлаши, ҳукумат уларнинг қаерга сарфланганини қандай назорат қилиши ва умуман, бундай тўловларни амалга ошириш қонунийми-йўқми, ҳозирча номаълум. Трамп митингларда эътиборни жалб қилиш учун кўпинча жуда ғайриоддий ғояларни илгари суради, дейди BBC мухбири.
2025 йилда АҚШда катта ёшли аҳоли сони тахминан 267 миллион нафарни ташкил этган. Демак, уларнинг ҳар бирига 5 минг доллардан тўлаш учун тахминан 1 триллиондан ортиқ доллар керак бўлади.
Айни пайтда аксарият жамоатчилик сўровларида Демократик партия олдинда бормоқда. Демократларнинг Вакиллар палатаси, ҳатто Сенат устидан ҳам назоратни қўлга киритиш имконияти бор.
Трамп Техасдаги нутқида агарда республикачилар ноябрда мағлуб бўлса, америкаликлар чегараларини, солиқларни камайтириш имкониятини ва хавфсизликни йўқотишини айтди. Унинг таъкидлашича, АҚШ аввал бутун дунёга кулги бўлган, ҳозир эса ҳеч ким уни устидан кулмаяпти.
Техасга йўл олишидан олдин Трамп Эронга қарши уруш ҳам АҚШдаги ноябрь сайловларидан кейин тугашини билдирди.
«Менимча, уруш сайловлардан кейин дарҳол тугайди, чунки улар энди чидаб тура олмайди», — деди АҚШ президенти.
Эрон ва АҚШ вақти-вақти билан бир-бирига қарши ҳужумларни қайта бошламоқда. Улар ўртасидаги 60 кунлик сулҳ муддати тугаган ва ҳозирча дипломатик келишувга эришиш белгилари деярли кўринмаяпти. Трампнинг қўшимча қилишича, Эрон «сайловларга ҳар қандай йўл билан таъсир ўтказишга» ҳаракат қилмоқда. Трампнинг фикрича, Теҳрон АҚШда ўзига маъқул ва заифроқ раҳбарият сайланишини истайди. Бундай раҳбарият Эронни «тинч қўйиб, ядровий қуролга эга бўлишига имкон бериши» мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/biDNydUXho0" title="Tramp amerikaliklarga 5 ming dollardan berishni va’da qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА