АҚШ паспортларида Дональд Трамп тасвири акс этади (+видео)
АҚШда мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан президент Дональд Трамп портрети туширилган махсус паспортлар туркуми чиқарилади. Бу паспортлар асосан Вашингтон шаҳрида берилади. Қанча миқдорда чиқарилиши ҳозирча маълум эмас, деб хабар берди DW нашри.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, ушбу махсус дизайндаги паспортлар пойтахт Вашингтондаги паспорт агентлиги томонидан стандарт тарзда берилади. Агар фуқаролар паспортни онлайн ёки бошқа шаҳар бўлимлари орқали олса, уларга одатий дизайндаги ҳужжат тақдим этилади.
Эълон қилинган намунага кўра, паспорт муқовасининг ички олд қисмида Трампнинг портрети ва олтин ҳарфлар билан ёзилган имзоси жойлаштирилади. Орқа муқовада эса америкалик рассом Жон Трамбуллнинг “Мустақиллик декларацияси” асаридан парча тасвирланади. Бу каби паспортлар қанча чиқарилиши ҳозирча аниқ эмас.
Оддий дизайнда эса паспорт муқовасининг ички қисмида бошқа америкалик рассом Эдвард Перси Моранасари жойлаштирилган. Унда АҚШ давлат мадҳияси матни муаллифи Фрэнсис Скотт Ки тасвирланган.
Бундан ташқари АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигига бағишлаб чиқариладиган 100 долларлик банкноталарда ҳам Трамп имзоси жойлаштирилади. Шу билан, охирги 165 йиличида биринчи марта хазиначи имзоси ўрнига президент имзоси қўйилади.
Шунингдек, АҚШ Гўзал санъатлар комиссияси мустақилликнинг 250 йиллиги муносабати билан 24 каратли олтин танга чиқаришни маъқуллаган. Унда Трамп стол ортида муштларини қисган ҳолда тасвирланади ва “Озодлик” деган ёзув бўлади.
2025 йил октябрида Трамп маъмурияти ушбу комиссиянинг барча аъзоларини ишдан бўшатиб, улар ўрнига президентга содиқ шахсларни тайинлаган эди.
Аввалроқ Давлат департаменти АҚШ Тинчлик институтига Трамп номини берди. Вашингтондаги Жон Кеннеди номидаги ижро санъати мемориал маркази эса Дональд Трамп ва Жон Кеннеди номидаги марказ деб қайта номланган. Шунингдек, Оқ уй раҳбари АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари учун “Трамп” синфига мансуб янги иккита ҳарбий кема қуриш режаларини ҳам эълон қилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/M_hHewErj_Q" title="AQSH pasportlarida Donald Tramp tasviri aks etadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА