Тошкентда дзюдонинг янги юлдузлари кашф этилмоқда
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»нинг яккакурашлар мажмуасида ўсмирлар ўртасида илк бор Гран-при туркумига кирувчи «Saber Tashkent Grand Prix Cadets – 2026» халқаро турнири бошланди.
Нуфузли мусобақада дунёнинг тўрт қитъасидаги 19 давлатдан 250 нафар ёш дзюдочи иштирок этмоқда. 18 ёшгача бўлган полвонлар икки кун давомида 16 та вазн тоифасида — ўғил болалар ва қизлар ўртасида саккизтадан медаллар жамланмаси учун баҳс олиб боради.
Мазкур турнирда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг 60 нафарга яқин аъзоси мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Мусобақанинг ўзига хос жиҳати шундаки, катталар ўртасидаги нуфузли турнирларда бўлгани каби совриндорлар медаллар билан бир қаторда пул мукофотларига ҳам эга бўлади. Чемпионларга 1 200, иккинчи ўрин соҳибларига 650, бронза медали билан тақдирланган иштирокчиларга эса 320 евродан мукофот пули берилиши белгиланган.
[gallery-32700]
Ушбу халқаро анжуман ёш дзюдочиларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиши, тажриба орттириши ҳамда келгусида йирик спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиши учун муҳим имконият яратади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА