Москвада Жавоҳир Синдоров фаолиятига бағишланган китоб чоп этилди
Россия шахмат федерацияси кутубхонаси туркумидан "Ўзбекистон шахмат феномени: Жавоҳир Синдоров фаолиятининг тўрт босқичи" китоби нашр этилди.
Халқаро шахмат устаси Андрей Ободчук муаллифлигида чоп этилган 544 саҳифадан иборат китобда 2025 йилги Жаҳон кубоги ғолиби ва 2026 йилги номзодлар турнири чемпиони Жавоҳир Синдоровнинг шахматдаги услуби, унинг ўзига хос жиҳатлари, юксалиш эволюциясининг бетакрор жиҳатлари таҳлил қилинган.
Таниқли мураббий, журналист, ёзувчи ва имконияти чекланган шахматчилар ўртасида кўп карра жаҳон чемпиони саналган Андрей Ободчук ўзбек гроссмейстерининг ёш истеъдоддан қисқа фурсатда дунёнинг энг яхши ўнликка кирган гроссмейстерига айланиши, бундай муваффақият икки йил ичида содир бўлганини ва бу мўъжизакор ютуқ эканини эътироф этади.
Жавоҳир Синдоровнинг 200 дан ортиқ ўйинларининг батафсил таҳлили ва у ҳақидаги мўъжаз фикрлар билан тўлдирилган китоб кенг аудиторияга мўлжалланган. Бундан ташқари, ушбу асар шахматчилар учун қўллама вазифасини ўташи билан аҳамиятли.
Муаллиф шунингдек, юқори даражадаги ўйинчилар, мураббийлар ва сониялар ўртасидаги ҳамкорликнинг психологик жиҳатларига тўхталиб ўтганки, бу, Жавоҳир Синдоров тимсолида янги давр шахматчилар авлоди етишиб келаётганига кўпчиликнинг эътиборини қаратган.
Асарнинг охирги қисмида Синдоров ва бошқа етакчи ўзбек шахматчиларининг ўйинларига асосланган машқлар келтирилган бўлиб, шахмат доналарининг комбинацион жойлашуви кишини мушоҳадага чорлайди.
Т.Рўзиев,
ЎзА