Тошкент жаҳон бокс марказига айланади
Пойтахтимизда бокс бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичи ўтказилади.
Жорий йилнинг 26 ноябрь – 4 декабрь кунлари пойтахтимизда катталар ўртасида бокс бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичи бўлиб ўтади. Дунёнинг энг кучли боксчиларини бир майдонга жамлайдиган нуфузли мусобақа "Олимпия шаҳарчаси"да ташкил этилади.
World Boxing ташкилоти тақвимига киритилган мазкур мусобақа 2026 йилги Жаҳон кубоги туркумининг якуний босқичи ҳисобланади. Сериянинг биринчи босқичи апрель ойида Бразилияда, иккинчиси эса июнь ойида Хитойда ўтказилган.
Кубок баҳслари Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилади. Мусобақада эркаклар ва аёллар ўртасида жами 20 та вазн тоифасида ғолиблар аниқланади. Эркаклар 50, 55, 60, 65, 70, 75, 80, 85, 90 ва 90 килограммдан юқори, аёллар эса 48, 51, 54, 57, 60, 65, 70, 75, 80 ва 80 килограммдан юқори вазн тоифаларида рингга кўтарилади.
Ҳар бир вазн тоифасида саккиз нафардан боксчи иштирок этади. Мезбон мамлакатга ҳар бир вазн бўйича битта иштирокчи ўрни кафолатланган. Қолган етти ўрин Бразилия ва Хитойда ўтказилган Жаҳон кубоги босқичларидаги натижалар асосида тақсимланган. Боксчиларнинг очколари тенг келган ҳолатларда жаҳон рейтинги кўрсаткичлари инобатга олинган.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 18 нафар спортчи билан иштирок этади. Уларнинг 10 нафари эркаклар, 8 нафари аёллар жамоаси вакиллари.
Эркаклар ўртасида Шодиёржон Мелиқўзиев (50 кг), Асилбек Жалилов (55 кг), Самандар Олимов (60 кг), Абдураҳмон Маҳмуджонов (65 кг), Абдуллоҳ Мадаминов (70 кг), Сафармурод Аллаберганов (75 кг), Жавоҳир Умматалиев (80 кг), Норбек Абдуллаев (85 кг), Акмалжон Исроилов (90 кг) ва Жаҳонгир Зокиров (90 кг.дан юқори) юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Аёллар жамоаси сафидан эса Фарзона Фозилова (48 кг), Феруза Казакова (51 кг), Нигина Ўктамова (54 кг), Хуморабону Мамажонова (57 кг), Ситора Турдибекова (60 кг), Навбаҳор Ҳамидова (65 кг), Азиза Зокирова (70 кг) ва Рухшона Парпиева (80 кг) ўрин олган.

Миллий терма жамоамиз таркибидаги Жавоҳир Умматалиев 80 килограммгача вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. Жаҳон чемпионатида кумуш медаль олган Жаҳонгир Зокиров ҳам ўз вазн тоифасида юртимиздан асосий даъвогарлардан бири сифатида майдонга тушади.
Мусобақанинг расмий қуръаси 27 ноябрь куни соат 17:00 да ўтказилади. Беллашувлар ҳар куни икки сессияда, битта рингда ташкил этилади. 28 ноябрь куни чорак финал баҳслари бошланиб, 3 декабрь куни 20 та финал учрашуви орқали чемпионлар номи маълум бўлади.
Жаҳон кубогининг Тошкентдаги финал босқичи спортчилар учун нафақат нуфузли совринлар, балки халқаро рейтинг очколарини жамғариш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мусобақада тўпланадиган очколар 2027 ва 2028 йиллардаги Олимпия ўйинларига саралаш мусобақаларида боксчиларни рейтинг асосида жойлаштиришда инобатга олинади.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА