Тошкент халқаро инвестиция форуми хорижий нашрлар нигоҳида
Буюк Британиянинг нуфузли нашрларидан бири – “The London Post” пойтахтимизда бешинчи бор ўтказилаётган Тошкет халқаро инвестиция форуми – 2026 ҳақида мақола эълон қилди. Нашр форумни Марказий Осиёдаги энг йирик инвестиция ва иқтисодий тадбирлардан бири сифатида баҳолаб, унинг халқаро аҳамияти ҳамда Янги Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганини алоҳида урғулаган.
Мақолада қайд этилишича, жорий йилги форум “Инвестиция барқарорлиги: янги уфқлар, янги ҳамкорликлар” шиори остида ташкил этилган бўлиб, унда давлат раҳбарлари, молия вазирлари, суверен инвестиция фондлари вакиллари, йирик компаниялар етакчилари ҳамда халқаро тараққиёт институтлари иштирок этмоқда. Нашр маълумотларига кўра, анжуманда 8 мингдан ортиқ делегат қатнашиши кутилмоқда ва бу уни минтақадаги энг муҳим иқтисодий платформалардан бирига айлантирмоқда.
Хабарга кўра, анжуманнинг асосий ялпи мажлисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиши, шунингдек, дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан келган юқори даражадаги меҳмонлар қатнашиши мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдондаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат сифатида баҳоланган.
Муаллиф форум иштирокчилари орасида Колинда Грабар-Китарович, Каталин Новак ва Рамона Манеску каби сиёсий арбоблар борлигини қайд этар экан, бу конференциянинг халқаро нуфузини янада ошираётганини ёзади. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва Европа инвестиция банки каби етакчи молия институтлари ҳам юқори даражада иштирок этаётгани таъкидланган.
Мақолада энергетика соҳаси форумнинг энг муҳим мавзуларидан бири сифатида кўрсатилган. Хусусан, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш мақсади, 12 гигаваттлик қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳалари, шунингдек, яшил водород ва атом энергетикаси истиқболлари муҳокама қилиниши қайд этилган. Бу жараёнларда халқаро энергетика компаниялари раҳбарлари ва соҳанинг етакчи экспертлари иштирок этаётгани мамлакатнинг “яшил иқтисодиёт” сари интилишини намоён этаётгани алоҳида тилга олинган.
Нашр шунингдек, форум доирасида муҳим стратегик ташаббуслар ҳам тақдим этилишини қайд этади. Жумладан, Тошкент халқаро молия маркази концепциясининг расман илгари сурилиши, ислом молияси механизмлари ва халқаро капитал бозорларини ривожлантиришга оид муҳокамалар Ўзбекистоннинг минтақавий молиявий марказга айланиш йўлидаги ҳаракатлари сифатида баҳоланган.
Мақолада рақамли трансформация мавзуси ҳам форум кун тартибидан муҳим ўрин олиши қайд этилган. Сунъий интеллект, рақамли бошқарув, киберхавфсизлик, финтех экотизимлари ва технологияларга асосланган инвестициялар бўйича муҳокамалар Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодиёт қуриш борасидаги интилишларини акс эттириши баён этилган.
Ў.Алимов, ЎзА