Тошкент халқаро форуми – Янги Ўзбекистоннинг жозибадор инвестиция дипломатияси
Жаҳон иқтисодиётида геосиёсий беқарорлик, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар, инвестиция ресурслари учун рақобатнинг кучайиши ҳамда иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашуви кузатилаётган бугунги шароитда давлатларнинг инвестиция жозибадорлиги стратегик аҳамият касб этмоқда.
Бундай вазиятда мамлакатларнинг халқаро капитал учун очиқлиги, қулай бизнес муҳити яратиши ва инвесторлар билан самарали мулоқот платформаларини шакллантириши иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ташкил этилаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми ана шундай платформалардан бири сифатида шаклланиб, мамлакатнинг инвестиция сиёсати ва иқтисодий дипломатиясининг муҳим институционал механизмига айланди.
2022 йилда илк бор ташкил этилган Тошкент халқаро инвестиция форуми қисқа вақт ичида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли иқтисодий майдонлардан бири сифатида эътироф этилди.
Форумнинг асосий мақсади мамлакатнинг инвестиция салоҳиятини халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш, хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Илк форумда 56 мамлакатдан мингдан ортиқ хорижий меҳмон қатнашган. 2025 йилда 100 га яқин давлатдан 7,5 мингдан зиёд делегат иштирок этди. 2026 йилги бешинчи форумда эса 99 мамлакатдан 8 мингдан зиёд иштирокчи, жумладан, 3,1 минг нафар хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда.
Мазкур рақамлар форумнинг халқаро нуфузи ортиб бораётгани, Ўзбекистонга нисбатан инвесторлар ишончи мустаҳкамланаётгани ва мамлакатнинг глобал инвестиция бозоридаги мавқеи тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамиятини баҳолашда унинг мамлакат инвестиция сиёсати эволюциясидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Президентнинг 2022 йилги нутқида асосий урғу миллий иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалаларига қаратилган эди. Бу даврда Ўзбекистон ўзини инвесторлар учун янги ва истиқболли бозор сифатида намоён қилишга ҳаракат қилди.
2023 йилга келиб мамлакат инвестиция сиёсатида янги босқич бошланди. Президент ўз нутқида давлат бошқарувини модернизация қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, солиқ юкини камайтириш, ташқи савдони либераллаштириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини жадаллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғининг пасайтирилиши, хорижий инвесторлар дивидендларини солиқдан озод қилиш ва “ягона дарча” тамойили асосида инвесторларга хизмат кўрсатиш тизими жорий этилиши мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигини сезиларли даражада оширди.
2024 йилда эса форум мамлакат иқтисодиёти сифат жиҳатидан янги босқичга ўтаётганини намоён қилди. Президент 2024 йилдаги нутқида сўнгги йилларда мамлакат иқтисодиётига 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилинганини таъкидлади. Шунингдек, энергетика, кимё саноати, металлургия, автомобилсозлик ва электротехника соҳаларида дунёнинг етакчи компаниялари иштирокида 300 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилгани қайд этилди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро капитал учун ишончли ва истиқболли ҳамкорга айланиб бораётганидан далолат беради.
2025 йилги форум эса мамлакат инвестиция сиёсатининг янги мазмун касб этаётганини кўрсатди. Агар аввалги босқичларда асосий эътибор саноатлаштириш ва инфратузилма лойиҳаларига қаратилган бўлса, эндиликда инвестиция сиёсатининг марказига яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, дата-марказлар, финтех ва инновацион саноат тармоқлари чиқмоқда.
Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакат иқтисодиётига жалб қилинаётган сармояларнинг таркиби ва сифатини ўзгартиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Форум доирасида энергетика, кимё саноати, геология, металлургия, электротехника, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, рақамли технологиялар, қурилиш ва туризм соҳаларидаги йирик лойиҳалар муҳокама қилинмоқда ва амалга оширилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда яшил энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт соҳаларига инвестициялар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани Ўзбекистон иқтисодиётининг инновацион ривожланиш моделига ўтаётганидан далолат беради.
2026 йилги форумнинг мазмун-моҳияти ҳам мамлакат инвестиция сиёсати янги босқичга чиққанини кўрсатмоқда. Форум доирасида ялпи мажлислар, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Энг муҳими, янги инвестиция келишувлари кимё саноати, геология ва металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, экология, рақамли технологиялар, банк-молия, транспорт-логистика, туризм ва таълим каби устувор соҳаларни қамраб олади. Бу эса форумнинг мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини англатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Тошкент халқаро инвестиция форуми бугунги кунда оддий иқтисодий тадбир доирасидан чиқиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий дипломатиясида муҳим институтга айланди. Форум орқали мамлакат ўзининг иқтисодий салоҳиятини намойиш этмоқда, халқаро молия институтлари ва трансмиллий корпорациялар билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда, инвестиция имижини мустаҳкамламоқда ҳамда глобал қиймат занжирларига интеграциялашув жараёнларини жадаллаштирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2022–2025 йиллар давомида ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт стратегиясида муҳим ўрин эгаллади. Форум иштирокчилари сонининг йилдан-йилга ортиши, жалб қилинаётган инвестициялар ҳажмининг ўсиши, соҳавий қамровнинг кенгайиши ва юқори технологияли тармоқларга эътиборнинг кучайиши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасини намоён этмоқда.
Бугунги кунда мазкур форум Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция бозоридаги нуфузини ошириш, мамлакатни Марказий Осиёнинг инвестиция ва инновация марказига айлантириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг энг муҳим механизмларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА