Янги Ўзбекистон – глобал инвестициялар ва минтақавий тараққиётнинг стратегик маркази
Муносабат
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва глобал капитал харитаси кескин ўзгаришлар палласини бошдан кечирмоқда. Халқаро майдонда савдо зиддиятлари кучайган, иқтисодий ноаниқликлар авж олган бир шароитда, дунё иқтисодий элитасининг эътибори яна бир бор Тошкентга қаратилди. Бу бежиз эмас, сабаби бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун тарихий аҳамиятга эга воқелик саналади.
Хусусан, Тошкент халқаро инвестиция форуми йилдан-йилга ўз кўлами ва нуфузини ошириб бормоқда. Буни бу йилги анжуманда дунёнинг 100 та давлатидан 4 мингга яқин хорижий меҳмонлар, жумладан, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, етакчи халқаро молия институтлари раҳбарлари ҳамда йирик трансмиллий компаниялар вакиллари иштирок этгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, тадбирда Албания Президенти, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат раҳбарларининг шахсан қатнашгани форумнинг минтақавий ва глобал сиёсатдаги ўрни нечоғлик баланд эканидан далолат беради. Президентимиз таъкидлаганидек, бундай юксак даражадаги иштирок халқаро миёсда Янги Ўзбекистон тараққиёти ва амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга бўлган ишончнинг яққол ифодасидир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар ўз мевасини бермоқда. Хусусан, юртимизга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 миллиард доллари айнан охирги беш йилга тўғри келади.
Ўтган йили ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 7,7 фоизга ўсди, иқтисодиётга бир йилнинг ўзида 43 миллиард доллар сармоя киритилди. Миллий валюта барқарорлиги таъминланиб, халқаро захиралар ҳажми 70 миллиард доллардан ошди.
Яна бир муҳим жиҳат, тўрт йил аввал илк форумда 2026 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган эди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон “Иқтисодий эркинлик индекси”да бирданига 14 поғона юқорилаб, тарихда илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди. Бу натижалар хорижий сармоядорлар учун мамлакатимиз хавфсиз ва истиқболли бозорга айланганини исботлайди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқувчи 6 та устувор йўналишни баён этди ва уларнинг ҳар бири мамлакатимиз ва минтақа тараққиётида муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, инвесторлар ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилмоқда. Унинг ҳуқуқий асослари Конституциявий қонун билан мустаҳкамланиб, иштирокчилар учун фойда, ҚҚС, мол-мулк солиқлари ва божхона божлари ноль фоиз этиб белгиланади. Энг муҳими, бу ерда Мустақил тижорат суди фаолият юритади. Ўзбекистоннинг БМТнинг Сингапур конвенциясига қўшилиш нияти эса инвесторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мутлақ кафолатлайди.
Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг 30 фоизи Тошкент ва Лондон фонд биржаларига чиқарилди ва бу Лондон биржасининг охирги беш йилдаги энг йирик IPOси бўлди. Келгусида “сукук” ислом облигациялари дастури орқали камида 10 миллиард доллар қўшимча капитал жалб этилиши, шунингдек, жорий йилда 6 миллиард долларлик давлат активлари ва ер участкалари хусусийлаштиришга чиқарилиши капитал бозорида янги даврни бошлаб беради.
Маълумки, Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари 3 триллион доллар деб баҳоланган. Эндиликда мамлакат хомашё сотишдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тизимига ўтмоқда. Тошкент ва Самарқандда ташкил этилаётган “Келажак металлари” технопарклари, шунингдек, машинасозлик, электротехника ва фармацевтика каби драйвер соҳалардаги 20 миллиард долларлик лойиҳалар саноатни янги босқичга олиб чиқади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ташаббусларида инвесторларга “яшил” маълумотлар марказлари барпо этиш лойиҳалари таклиф этилди. Шунингдек, сунъий интеллект соҳасида келгуси беш йилда 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилиши прогноз қилинмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистонда ташкил этилган махсус зонада инвесторларнинг 2040 йилгача солиқлардан озод қилиниши ва арзонлаштирилган электр энергияси билан таъминланиши рақамли технологиялар соҳасида улкан бурилиш ясайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон коридори ва “Ўрта коридор” лойиҳалари устида фаол иш олиб бормоқда. Саудиялик ҳамкорлар билан йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган янги Тошкент халқаро аэропортининг қурилиши эса мамлакатни Евроосиёнинг муҳим транспорт хабига айлантиради.
Қолаверса, 2040 йилгача мамлакатда урбанизация даражасини 51 фоиздан 65 фоизга етказиш, уй-жой қурилишини 2 баробарга ошириш ва 2 миллион аҳолига мўлжалланган “Янги Тошкент” мегаполисини барпо этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, инфратузилмани ривожлантириш бўйича 27 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тайёрланган. Туризм соҳасида йилига 15-20 миллион сайёҳни қабул қилиш имконияти ва йилига 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилувчи агробизнес тизими ҳудудлар ривожига хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати, мазкур форумда илгари сурилган ташаббуслар фақат Ўзбекистон чегараси билан чекланиб қолмайди. Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ташаббуси билан Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашларининг минтақавий альянси ташкил этилиши бутун минтақада ягона иқтисодий ва инвестициявий макон яратилиши йўлидаги биринчи тарихий қадамдир.
Бу ислоҳотларнинг энг олий мақсади оддий аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришдир. Сармоялар оқими янги корхоналар, замонавий шифохоналар, мактаблар, равон йўллар ва барқарор энергия тизими демакдир. Урбанизация ва уй-жой қурилиши дастурлари миллионлаб оилаларни замонавий широитга эга уйлар билан таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг глобал дунёга қай даражада очиқ ва ҳамкорликка тайёр эканини яна бир бор намойиш этди. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда, “Биз учун инвестиция бу фақатгина иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари демакдир”. Форум руҳи ва унда эришилган келишувлар Янги Ўзбекистоннинг келажаги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА