Тошкент декларацияси ўзбек ва қозоқ адабий алоқаларини янги босқичга олиб чиқади
Шу йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчиларининг «Туркий дунёнинг маънавий мероси: адабиёт – даврлар ва авлодлар мулоқоти» халқаро форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги, Бокуда ўтказилган Биринчи Туркология конгрессининг 100 йиллиги ҳамда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Форумнинг муҳим воқеаларидан бири – Тошкент декларациясининг қабул қилиниши бўлди.
Бугун ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари раҳбарлари ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти томонидан имзоланди.
Декларацияда икки мамлакат ижодкорлари, олимлари, таржимонлари ва маданият муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, адабий асарларни ўзаро таржима қилишни кенгайтириш, қўшма нашриёт лойиҳаларини амалга ошириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда адабий меросни рақамлаштириш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги адабий алоқалар янада фаоллашди. Қозоқ адиби Камол Тўқаев асарларининг ўзбек тилида нашр этилиши, «Таñ-Шолпан» журнали томонидан 2023 йилнинг «Ўзбек адабиёти йили» деб эълон қилиниши, 2025 йилдан эса «Мереке баспаларй» нашриёти томонидан ўзбек ёзувчи ва шоирлари асарларининг қозоқ тилида чоп этила бошлаши бу ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.
2026 йилда қозоқ ижодкорлари Қосимхон Бегмановнинг «Улуғдала сабоси», Мереке Қулкеновнинг «Шодлик» номли назмий ва насрий китоблари ўзбек тилида китобхонларга тақдим этилди.
Тошкент форуми икки қардош халқ ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ижодкорлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва муштарак маънавий меросни келгуси авлодларга етказиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Форум доирасида қабул қилинган Тошкент декларацияси эса бу ҳамкорликни тизимли равишда давом эттириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА