Тўртинчи миллий дастур аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш табиатни асрашга хизмат қилади
Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва аҳолининг ўсиши сув ресурсларига бўлган талабнинг ортишига, атроф-муҳитни асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш заруратини юзага келтирмоқда. Бу жараёнда замонавий сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илмий ёндашувлар ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ қилиш, экологик маданиятни юксалтириш алоҳида аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталари томонидан ўтказилган “Сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш — миллий юксалишнинг муҳим шарти” мавзусидаги тадбирда шулар хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, Президентимиз давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даврига айлантириш ва инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастурни илгари сурди. Жумладан, тўртинчи миллий дастурда энг муҳим йўналишлардан бири бўлган сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган.

Қайд этилганидек, келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш умуммиллий марра сифатида белгиланди. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқиш, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудларни жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилиш белгиланди. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказиш вазифаси ҳам қўйилди.
Бу эса сув ресурсларини асраш, экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва энг муҳими, жамиятда табиатга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга хизмат қилади. Шундай экан, ушбу тўртинчи миллий дастурнинг аҳамияти ҳамда мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бу жараёнда Жамоатчилик кенгашлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди ҳамда бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА