Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсат давлат дастури лойиҳасида акс этган
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармони лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.
Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсат мазкур фармон лойиҳасида акс этганини қайд этди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков лойиҳа ҳақида қисқача маълумот берди.
Давлат дастури лойиҳаси 2025 йил 8 январдан бошлаб “Тараққиёт стратегияси” марказининг www.uzbekistan2030.uz порталига кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Ушбу портал орқали аҳолига стратегия ва давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириш ҳамда таклиф ва тавсияларини билдириш имконияти яратилган.

Давлат дастури лойиҳаси бугунги глобаллашув жараёнида янги Ўзбекистоннинг халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга қаратилган концептуал ҳужжат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Давлат дастури лойиҳасида 295 амалий чора-тадбир, 87 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 269 мақсадли кўрсаткич белгиланиши назарда тутилмоқда.
Энг аввало, инсон омилига катта эътибор қаратилган бўлиб, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, “яшил” тараққиёт ва экологик турмуш тарзини шакллантириш асосий мақсад этиб белгиланган. Республикамизнинг барча ҳудудларининг экологик қиёфасини ўзгартириш, табиий ресурсларни тежаш ва табиат билан уйғун ҳолда барқарор тараққиётни таъминлашга катта эътибор қаратилган. Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий қилиш, иқтисодиётни декарбонизация қилиш каби масалалар ҳам муҳим вазифалар сифатида алоҳида белгилаб қўйилган.

Тадбирда давлат дастури лойиҳаси ва унинг асосий йўналишлари, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хавфсиз ва тинчликсевар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишида белгиланаётган вазифаларнинг мазмун-моҳияти мавзуларида “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари томонидан маърузалар тақдим этилди.
Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари, докторант-тадқиқотчилар, мустақил-изланувчилар, “Тараққиёт маркази” ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир якунида лойиҳани янада такомиллаштириш ва белгиланган вазифалар ижросини самарали мониторинг қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА