Тўғри танлов – самарали ўсиш асоси
Самарқанд шаҳридаги Туризм академиясида MY FAIR компанияси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Таълим ва касб” халқаро таълим кўргазмасининг кузги мавсуми ўтказилди.
Келгусида касб ва таълим йўналишини онгли равишда танлашда кўмаклашиш мақсадида ўтказилган кўргазмада ёшлар ва уларнинг ота-оналари юртимиз ҳамда хорижий таълим дастурлари, қабул шартлари, ўқиш тўлови, стипендия ва грантлар ҳамда касбий истиқболлар ҳақидаги ишончли маълумотларга эга бўлди.
Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросига ҳам хизмат қилади. Хусусан, мактабгача таълимдан олий таълимдан кейинги босқичгача бўлган узлуксиз таълим тизимини шакллантириш, мактаб, касб-ҳунар ва олий таълим ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг қизиқиш ва қобилиятларини эрта аниқлаш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос мутахассислар тайёрлаш ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор мақсадларни амалга оширишга кўмаклашади. Шу маънода, лойиҳа мактаб, касб-ҳунар ва олий таълим вакилларини ягона мулоқот майдонида бирлаштириб, таълим босқичлари ўртасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитмоқда.
Халқаро кўргазмада юртимиз билан бир қаторда Буюк Британия, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Туркия, Хитой, Малайзия, Мальта, Польша, Кипр ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Кузги тур дастурнинг алоҳида эътиборли жиҳати, унда Ланкастер университети (Буюк Британия) вакили иштирокида “Сунъий интеллект ёрдамида интернетда хавфсизлик” мавзусидаги маъруза ташкил этилди. Уни Ланкастер университети менежмент мактабининг ахборот тизимлари бўйича катта ўқитувчиси, корпоратив архитектура ва рақамли трансформация соҳаси эксперти доктор Амжад Файюми ўтказди.
– Ўзбекистонда илк бор тақдимот ўтказаяпмиз, – дейди Ланкастер университети менежмент мактабининг ахборот тизимлари бўйича катта ўқитувчиси, корпоратив архитектура ва рақамли трансформация соҳаси эксперти доктор Амжад Файюми. – Университетимиз Буюк Британияда жойлашган бўлса-да, дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатида филиалларига эга. Бизда менежмент, тиббиёт, туризм, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича халқаро даражадаги мутахассислар тайёрланади. Асосан хорижлик талабалар магистратура босқичида ўқишни афзал кўришади. Хусусан, ўзбекистонлик бир талабамиз ўқишни битириб келиб, ҳозирда Бухородаги университетда фаолият олиб бормоқда. Унинг илмга интилиши, тиришқоқлигини кўриб, юртингизда тақдимот ўтказишни мақсад қилгандик. Мана бугун ушбу режамизни амалга оширмоқдамиз. Кўргазма давомида самарқандлик ёшлар мавжуд йўналишларимизга қизиқиш билдиришди. Айниқса, киберхавфсизлик бўйича маърузам мароқ билан тингланди. Ахборот асрида мазкур йўналиш энг муҳим соҳага айланмоқда. Шу боис, ушбу йўналиш мутахассисларига ҳам талаб юқори. Қайси касбни эгаллаш инсоннинг шахсий иши. Бизнинг вазифамиз бор имкониятларимиз ҳақида маълумот беришдан иборат. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзи қизиққан соҳасини ўқиб-ўрганса, у албатта, етук мутахассис бўлиб етишади.
[gallery-32527]
Кўргазмада таълим муассасалари масъуллари ёшларга имкон қадар батафсил маълумот бериб, яратилган имкониятларни тушунтиришди. Энг муҳими, ташриф буюрувчилар бир майдонда ўнлаб олийгоҳнинг дастурларини қиёслаш, таълим тили, қабул талаблари, ҳужжат топшириш муддатлари ва ўқиш шароитлари бўйича саволларини бевосита вакилларга бериш имконига эга бўлди.
“Таълим ва касб” халқаро кўргазмаси Янги Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилувчи самарали лойиҳа.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари