Таълим ва касблар кўргазмаси
Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими Андижон вилоят бошқармалари ҳамда “My Fair” компанияси ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Таълим ва касб – 2026” халқаро кўргазмаси ўтказилди.
Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб камол топишларига, дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларидаги мавжуд мутахассислик йўналишлари ҳақида кенг маълумотларга эга бўлиши, бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган кўргазмада йигирмага яқин хорижий олий таълим муассасалари, шунингдек, қатор хорижий давлатлар олий ўқув юртларининг юртимиздаги филиаллари ўз тақдимотлари билан иштирок этиб, таълим йўналишлари, грант дастурлари ҳамда замонавий касблари бўйича кенг маълумотлар тақдим этди.

Тадбирда андижонлик ёшлар хориждаги қатор олий ўқув юртлари, таълим марказлари, шунингдек, Шарда-Ўзбекистон университети, “Collegium Humanum” Варшава менежмент университетининг Андижон филиалидаги мавжуд мутахассисликлари, таълим олиш шартлари, имкониятлари ҳақида маълумотлар олди.

Тадбирда хорижлик мутахассислар томонидан АҚШ, Россия, Белорусь, Хитой, Жанубий Корея ҳамда Европа давлатлари олий таълим муассасаларининг тақдимотлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

– Кўргазмадан биз жуда хурсандмиз, – дейди Андижон шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби битирувчиси Муҳамадрасул Қаҳрамонжонов. – Кўргазмада қатнашиб, қатор хорижий давлатлардаги олий ўқув юртлари, у ерда қай тарзда ўқиш мумкинлиги ҳақида маълумотларга эга бўлдик.

Ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб берган мазкур кўргазмада ўн минг нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари, шунингдек, уларнинг мамлакатимизда фаолият олиб бораётган филиалларидаги таълим йўналишлари билан яқиндан танишди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.