Тоғлар тақдири — минтақанинг келажаги: Остонада муҳим мулоқот
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 22–24 апрель кунлари минтақавий экологик саммит — “RES 2026” бўлиб ўтмоқда.
Маҳаллий экологик саммит доирасида “Тоғли ҳудудларнинг халқаро молиялаштиришга кириш имконияти” мавзусида юқори даражадаги сессия бўлиб ўтди. Унда минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига мослашишда мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишда тоғ экотизимларининг ўрни муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиёдаги тоғли ҳудудлар дуч келаётган асосий муаммолар, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва иқлим молиялаштиришига кириш имкониятларини кенгайтириш механизмлари юзасидан фикр алмашди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Марказий Осиё иқлим ўзгаришига энг заиф минтақалардан бири ҳисобланади. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бу ҳудудда исиш суръати глобал ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан тахминан 1,5–2°C га ошган. Бу эса сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликка бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экологик масалалар бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Марказий Осиё сув ресурсларининг 80 фоизга яқини айнан тоғларда шаклланишини таъкидлади. Шу билан бирга, минтақа музликларининг қарийб 30 фоизи йўқолгани ва бу жараён тезлашиб бораётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, трансчегаравий мослашув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тоғ кун тартибини миллий даражада белгиланган ҳиссалар ва мослашув режаларига интеграция қилиш таклиф этилди.
Сессияда табиий ечимларни жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тоғ ўрмонлари ва яйловларни тиклаш, сув тўпланиш ҳудудларини муҳофаза қилиш ҳамда экотизимларни барқарор бошқариш йўналишлари муҳокама қилинди.

Яна бир муҳим йўналиш сифатида халқаро иқлимий молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мутахассислар фикрича, минтақанинг мослашув эҳтиёжлари миллиардлаб долларга тенг бўлиб, мавжуд молиялаштириш ҳажми етарли эмас. Шу боис глобал молиявий фондлар маблағларини жалб этишни фаоллаштириш таклиф қилинди.

Тадбир доирасида Марказий Осиёдаги йирик мушуксимон ҳайвонларни асраш ва тоғ экотизимларини муҳофаза қилиш бўйича қўшма дастурлар ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу ташаббуслар глобал экологик фонд грантлари орқали қўллаб-қувватланиши мумкинлиги айтилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА