Ўзбекистон-Озарбайжон: Ҳамкорликда ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил этилди
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, анъанавий ҳунармандчилик ва безак санъатидаги бой меросни кенг тарғиб этиш мақсадида “Нақшларнинг тили – умумий мерос садоси” номли халқаро маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида “Безакларда кодлашган маданият” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Шунингдек, “Орнамент тили” мавзусида амалий мастер-класс ва кўргазма ташкил этилиб, Озарбайжон ва ўзбек миллий нақш санъати, анъанавий орнаментлар ҳамда амалий безак мактаблари бўйича тажриба алмашилди.
[gallery-28958]
Кўргазма давомида Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳунармандларининг ноёб қўл меҳнати маҳсулотлари, анъанавий безак намуналари ҳамда амалий санъат асарлари намойиш этилди.
Мазкур халқаро маданий-маърифий тадбир икки давлат ўртасидаги стратегик маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳунармандчилик соҳасида тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва уни кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Кўргазма 25 апрелга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА