Ўзбекистонда Бутунжаҳон интеллектуал мулк куни нишонланди
26 апрель – Бутунжаҳон интеллектуал мулк куни. Бу сана 1970 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) конвенцияси кучга кирган кун шарафига белгиланган.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк кунида патентлар, муаллифлик ҳуқуқи, товар белгилари ва саноат намуналарининг кундалик ҳаётимизга таъсирини тушунтириш, ижодкорлар ва инноваторларнинг жамият ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этишга оид ишларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга эътибор қаратилади.
Ўзбекистонда интеллектуал мулк объектлари (ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари)ни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими фаол такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк маркази ушбу соҳада хизматлар кўрсатади.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур сана муносабати билан “Рақамлаштириш шароитида интеллектуал мулк ҳуқуқининг ривожланиш тенденциялари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
[gallery-28957]
Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтган тадбирда давлат ташкилотлари, илмий ва таълим муассасалари, Патент вакиллари ассоциацияси, муаллифлар, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида мутасаддилар интеллектуал мулкнинг замонавий иқтисодиётдаги ўрни, уни рақамлаштириш шароитида ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва долзарб вазифалар ҳақида фикр алмашди.
Анжуман давомида электрон тижоратда товар белгиларини ҳимоя қилиш, патентларни тижоратлаштириш усуллари, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ноқонуний контентга қарши курашиш, мулкий ҳуқуқларни бошқариш ҳамда замонавий технологияларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги муаммолар ва ихтироларнинг аҳамияти юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Фаол соҳа вакиллари Адлия вазирлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди, «Заковат» ўйинлари ғолиблари ҳам эътироф этилди.
Анжуман интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга хизмат қилди.
Якунда тизимни ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, О.Пардаев (сурат), ЎзА