Ўзбекистондаги трансформацион ислоҳотларни Жаҳон банки экспертлари юқори баҳолади
Жаҳон банки экспертлари билан бўлиб ўтган учрашувда сўнгги йилларда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ҳамда метрология соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли трансформацион жараёнлар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг иқтисодиёт тармоқларига таъсири ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан батафсил фикр алмашилди. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида Буюк британиялик халқаро эксперт Гленн Жон Босманс жалб этилгани мамнуният билан қайд этилди. Унинг иштироки соҳадаги замонавий ёндашувларни жорий этиш, халқаро тажрибани кенг татбиқ қилиш ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишда муҳим омил сифатида баҳоланди.

Шунингдек, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимлари, қоидалари ва меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама марказида бўлди. Бу борада халқаро экспертларни жалб этиш ва уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида сифатни оширишдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Жаҳон банки экспертлари Ўзбекистонда сўнгги йилларда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу жараёнларнинг тизимли ва изчил характерга эга эканини қайд этди.

Учрашувда, шунингдек, агентлик ходимларининг хорижий давлатларда стажировкаларини ташкил этиш, бозор назорати ва маҳсулот хавфсизлиги йўналишида халқаро экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Учрашув якунида Жаҳон банки вакиллари Агентлик билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдириб, келгусидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш юқори эканини таъкидлади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА