Тезкор тадбир ва натижа
Бухоро вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Ана шундай тезкор тадбирлардан бири Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда божхона идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиб, йирик миқдордаги наркотик моддаларнинг тарқалишига барҳам берилди.
Маълумотларга кўра, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1993 йили туғилган ва муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахс диққат марказига олинган. У бошқарувидаги “Lacetti” русумли автомашина Когон тумани ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув жараёнида автомашинанинг мотор қисмидаги ҳаво фильтри остига яширилган 993 грамм “опий” моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида мазкур шахс ушбу наркотик воситани Термиз туманида яшовчи, 1980 йили туғилган, халқаро юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахсдан олгани маълум бўлди. Тезкор тадбирлар изчил давом эттирилиб, у ҳам қўлга олинди ва унинг ёнидан аввалдан Афғонистон ҳудудидан контрабанда йўли билан олиб кирилган 5 килограмм, шунингдек, яшаш манзилидан яна 7 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қонун устуворлигини таъминлаш ва жамият хавфсизлигини муҳофаза қилиш йўлида бундай тадбирлар изчил давом эттирилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.